Авторизация
Сўровнома

Рухсат бериш хусусиятига эга электрон хизматларимиздан фойдаландингизми?

Category: Сўровнома, Умумий овозлар сони: 18



Orphus
Он-лайн фойдаланувчилар сони: 24

my.gov.uz
id.uz
чоп этиш print132

Қандимдаги ноёб мажмуа йилига 8 миллиард куб метрдан зиёд табиий газ қазиб олиш ва уни қайта ишлаш имконини беради


 

Ўзбекистон ер ости бойликлари, хусусан, углеводород хом ашёсига ғоят бой. Инновацион иқтисодиётга ўтиш жараёнида нефть-газ саноатини ривожлантириш, айниқса, юқори технологияларга асосланган замонавий корхоналарни бунёд этишга устувор аҳамият қаратилаётгани заминимиз қаъридаги ушбу ресурсни халқ фаровонлиги йўлида ўзлаштириш имконини бермоқда.

 

Бу ҳақида Халқ сўзи-Online хабар беради.

 

Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг фойдаланишга топширилиши бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқаяпти. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур мажмуанинг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидлаганидек, у мамлакатимизнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилади.

 

— Марказий Осиёдаги энг йирик иншоотлардан бири бўлган корхонамиз замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган, — дейди мажмуа директори ўринбосари Исроил Тўраев. — Улар ёрдамида йилига 8 миллиард куб метрдан зиёд табиий газ қазиб олиниб, тозаланган газ, барқарорлаштирилган конденсат ҳамда олтингугурт каби экспортбоп маҳсулотлар тайёрланади. Бизга табиий газ Қандим, Қувачи-Олот, Порсонкўл, Ҳожи каби конлардан етказиб берилаяпти. Янги ускуналарнинг яна бир афзаллиги шундаки, иш жараёнида атмосферага умуман газ чиқиб кетмайди. Бу эса ишлаб чиқариш чоғида экологияга зиён етказилмайди, деганидир.

 

Дарҳақиқат, Россиянинг “Лукойл” компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган мажмуа “БАСФ”, “Якобс”, “Хоневелл” каби жаҳондаги энг йирик компанияларнинг сўнгги русумдаги технологиялари билан жиҳозланди. Қурилиш-монтаж ишлари эса “Хендай Инжиниринг”, “Поско” ва “Джи-Эс”, “Энтер Инжиниринг” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди. Бунинг учун юртимиз ҳамда хорижнинг юқори малакали мутахассислари, жами 10 минг нафарга яқин кишилар жалб этилгани туфайли ушбу йирик иншоот кўзда тутилганидан саккиз ой аввал бунёд қилинди. Шу мақсадда 3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ инвестиция ўзлаштирилди. Бу Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун қулай сармоявий муҳит яратиб берилганининг юксак самараси, ўзаро манфаатли алоқалар кенгайиб бораётганининг ёрқин далилидир.

 

— Яқин-яқингача одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган мазкур саҳрода замонавий корхона барпо этилади, десангиз кўпчилик ишонмасди, — дейди меҳнат фахрийси Исмоил Носиров. — Аммо атиги икки йил ичида қуриб битказилган корхонага, бу ерда ишлаётган маҳаллий ёшларга қараб ҳавас қиласан, киши. Мамлакатимиз олий ўқув юртларида таҳсил олиб, малакали кадр бўлиб етишган йигитларимиз шу ерда зарур кўникма ва тажрибага эга бўлишмоқда. Бу эса келгусида мамлакатимизда шундай йирик лойиҳаларни амалга оширишда қўл келади.

 

Мажмуа қурилиши билан бирга, ҳудуд инфратузилмаси ҳам кескин ўзгарди. 1150 кишига мўлжалланган шаҳарча барпо этилиб, ишчи-ходимлар учун зарур барча қулайлик яратилди. Шинам ҳамда равон йўллар қурилди.

 

Бугун шу йўллар орқали Бухоро шаҳридан автоуловда Қоракўл тумани сари чамаси 100 километрча юрсангиз, дафъатан асрий қумликлар бағридаги Қандим газни қайта ишлаш мажмуасига кўзингиз тушади. У кишига саҳродаги мўъжиза бўлиб туюлади. Мўъжизалар эса, биламизки, ҳар куни рўй беравермайди. Аммо афсоналар ҳақиқатга айланганини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Буни Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси мисолида кўриб-билиб турибмиз.

 

 

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 




<<  Асосий саҳифа