Авторизация
Сўровнома

Инспекцияга йўллаган мурожаатингиз ўрнатилган муддатда кўриб чиқилганми?

Category: Сўровнома, Total votes: 37



Orphus
Он-лайн фойдаланувчилар сони: 8

my.gov.uz
id.uz
чоп этиш print1843

Ўзбекистонда маиший электр приборларни энергия самарадорлиги бўйича маркировкалаш жорий этилди

2015 йилнинг 9 апрелида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада сотиладиган маиший электр приборларини, янгидан қуриладиган бинолар ва иншоотларни энергетика жиҳатидан мажбурий маркировкалаш ва сертификатлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 86-сон қарори қабул қилинди.

 

Ушбу қарор 2016 йил 1 январдан бошлаб,  четдан олиб кирилаётган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотилаётган маиший электр приборларнинг техник ҳужжатларида, маркировкасида ва этикеткаларида энергия самарадорлигининг тегишли класси тўғрисидаги ахборот мавжуд бўлишининг шартлигини белгилайди.

 

Мазкур қарор билан маиший электр приборларнинг энергия самарадорлиги классларини аниқлаш учун “A”, “B”, “C”, “D”, “E”, “F”, “G” белгилари жорий этилди. Бунда “A” класси энергия самарадорлиги энг юқори бўлган маиший электр приборларни белгилаш учун ва тегишли равишда “G” класси – энергия самарадорлиги энг паст бўлган маиший электр приборларни белгилаш учун қўлланади. Бундан ташқари, энергия самарадорлигининг “A+”, “A++” (ортиб боришига кўра - “A+”, “A++” ва шу каби) ҳамда ундан юқори қўшимча класслари “А” класси учун белгиланган энергия самарадорлиги даражасидан ошадиган энергия самарадорлигига мансуб бўлган маиший электр приборларни белгилаш учун қўлланади.

 

Мазкур талаблар қуйида келтирилган 10 та маиший электр приборларга татбиқ этилади:

  • ҳавони кондиционерлаш ускуналарига (кондиционерларга);
  • совутгичлар ва музлатгичларга;
  • маиший идиш-товоқ ювиш машиналарига;
  • маиший кир ювиш машиналарига;
  • электр сув иситгичларга;
  • атроф-мухитни ва тупроқни иситиш электр ускуналарига;
  • микротўлқинли печларга;
  • бошқа печларга, электр плиталарга, электр плиткаларга, қайнатиш электр қозонларига;
  • мониторларга, рангли ва монохром тасвирли телевизион алоқа учун қабул қилиш аппаратураларига (телевизорларга);
  • электр чўғланма ёки газразрядли лампаларга татбиқ этилади.

 

Қарор талаблари юқорида келтирилганлардан бошқа электр приборларга татбиқ этилмайди.

Таъкидлаш жоизки, техник ҳужжатларида, маркировкасида ва этикеткаларида энергия самарадорлигининг тегишли класси тўғрисидаги ахборот мавжуд бўлмаган юқорида келтирилган маиший электр приборларни четдан олиб кириш 2016 йил 1 январдан бошлаб, уларни Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида сотиш эса – 2016 йил 1 июлдан бошлаб таъқиқланган. Илгари фойдаланишда бўлган маиший электр приборларни сотиш бундан мустасно.

 

Мазкур Ҳукумат қарори билан энергия самарадорлиги паст бўлган “G” классига мансуб электр приборларни четдан олиб кириш ва сотиш - 2017 йил 1 январдан бошлаб, “F” классидагилар учун – 2018 йил 1 январдан бошлаб ва “E” классидагилар учун – 2019 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич таъқиқланади.

 

Юқорида келтирилганлардан ташқари, техник ҳужжатларида, маркировкасида ва этикеткаларида энергия самарадорлигининг тегишли класси тўғрисидаги ахборотлар  мавжуд бўлмаган маиший электр приборларни сотиш ва сотиш мақсадида сақлаш қарорда назарда тутилган муддатлар ўтгандан кейин сотиш қоидаларини бузиш деб ҳисобланиши ва қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари қўлланилиши белгиланган.

 

Ўз-ўзидан, юқорида келтирилган чоралар бугунги кунда нега керак бўлди, деган савол туғилади.

Ушбу ўринда айтиш жоизки, бутун дунёда ишлаб чиқаришни ривожланиши, ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган эхтиёжни ортиб бориши ва ер юзида ушбу ресурслар заҳирасини камайиб бориши энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш масаласини биринчи навбатга чиқариб қўймоқда. Бу эса ўз навбатида энергия самарадорлиги юқори бўлган электр приборларга бўлган эҳтиёжни тобора ортиб боришига олиб келмоқда.

 

Оддий бир мисол, бир пайтлар, бундан 150 йиллар аввал,  ўз замонасининг ажойиб ихтироси бўлган чўғланма лампалар бугунги кунга келиб эскириб қолган, ҳозирги замон талабларига жавобгар бермайдиган электр приборларга айланиб қолган. Натижада, ҳозирда электр қувватини чўғланма лампаларга нисбатан беш баробар кам сарфлайдиган, энергия самарадорлиги юқори лампалар ишлаб чиқарилмоқда.

 

Ёки бошқа мисол, бундан 30-40 йиллар аввалги хонадонлардаги совутгичлар ва лампали телевизорлар (айниқса рангли телевизорлар) энергияни ортиқча сарфлаб, ортиқча сарфланган энергия иссиқлик энергиясига айланиб, ушбу ҳолат мазкур электр приборлар узоқ вақт ишлаганларида, уларга яқинлашганда яққол сезиларди. Бошқача қилиб айтганда, энергияни аксарият қисми ҳавони бехуда иситишга сарф бўларди. Ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган совутгичлар ва телевизорлар илгаридагиларга нисбатан энергияни бир неча баробар кам сарфлайдилар. Бундай  тежамкор совутгичлар ва телевизорлар Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Бу борадаги изланишлар доимо давом этиб боради.

 

Маркировкалаш ишлаб чиқарувчи томонидан яратиладиган, ҳамда товар ҳаракатини бошқаришни автоматлаштириш учун хизмат қиладиган ва пировард натижада истеъмолчи учун мўлжалланган ахборотдир. Бундан ташқари, ҳозирги вақтда маҳсулотни маркировкалаш ишлаб чиқарувчи корхонанинг “номи”ни (брендини) ҳимоя қилиш воситаси сифатида хизмат қилиб, сохта маҳсулотлар тарқатилишига тўсқинлик қилади.

 

Бундай ахборот маиший электр асбоблар идишида (яшикда, қутида, ўрамда ва х.к.) ёки унинг ўзида кўрсатилади ҳамда ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача бўлган жараён қатнашчиларига маҳсулотнинг энергия самарадорлиги ҳақида маълумотга эга бўлиш имконини беради. Бошқача қилиб айтганда, маиший электр асбобнинг идишида ёки ўзида баён этилган ушбу ахборот ишончли ва зарур маълумотларнинг манбаи – ўзига хос идентификатор вазифасини бажаради ва бугунги кунда бу нарса харид қилиниши учун қўшимча рағбат бўла олади.

 

Ушбу ахборот истеъмолчи учун жуда муҳим бўлиб, энергия самарадорлиги юқори бўлган, ёки бошқача қилиб айтганда энергияни кам сарфлайдиган электр приборлардан фойдаланиш энергия истеъмолини, ва демак, электр энергияси учун тўлов суммасини ҳам камайтиради.

 

Электр приборларни энергия самарадорлигининг тегишли класси бўйича маркировкалаш 1992 йилда Европа Иттифоқи аъзолари давлатларида ва кейинчалик кўпчилик ривожланган давлатларда жорий этилган. Мустақил давлатлар хамдўстлиги (МДХ) давлатлари  орасида  Белорусь Республикаси ва Қозоғистонда 2009 йилдан ва Россияда 2011 йилдан жорий этилган.

 

Ҳозирги кунда энергетик маркировкалашнинг жорий этилиши энергетика ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланилиши билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш борасида долзарб ва муҳим омиллардан бири бўлиб ҳисобланади.

 

Энергетик маркировкалашнинг жорий этилиши истеъмолчини у харид қилиб олаётган электр приборнинг энергия самарадорлиги ҳақида ишончли маълумот билан таъминлайди, бу эса ўз навбатида истеъмолчига танлаш ва энергия самадорлиги юқори бўлган электр приборни сотиб олиш имконини беради.

 

Истеъмолчилар томонидан фақат энергия самадорлиги юқори бўлган электр приборларни сотиб олиниши эса бозор талабларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқарувчиларга ва сотувчиларга тегишли энергия тежамкор маҳсулотларини таклиф этишларига туртки бўлади. Натижада, кўп вақт ўтмай, ўз-ўзидан, савдо ташкилотлари ва хонадонларимиз энергия самарадорлиги янада юқори бўлган электр приборлар билан тўлиб боради. Бундан эса барча манфаатдор бўлади.

 

 

А. Усмонов,

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш бўлими бошлиғи

 




<<  Асосий саҳифа