Авторизация
Сўровнома

Инспекцияга йўллаган мурожаатингиз ўрнатилган муддатда кўриб чиқилганми?

Category: Сўровнома, Total votes: 37



Orphus
Он-лайн фойдаланувчилар сони: 13

my.gov.uz
id.uz
чоп этиш print534

«Жиззах» махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

«Жиззах» махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 12-сон, 151-модда)

 

Юқори қўшилган қийматга эга бўлган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий, юксак технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш бўйича қулай шарт-шароитларни шакллантириш, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш жойларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида, шунингдек Ўзбекистонда ўзбек-хитой саноат паркини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумга мувофиқ:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимлигининг Жиззах вилоятида Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида филиали бўлган «Жиззах» махсус индустриал зонасини (кейинги ўринларда — «Жиззах» МИЗ деб юритилади) 1-иловага* мувофиқ ҳудудлар чегаралари доирасида барпо этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

 

*1-илова рус тилидаги матнда берилган.

 

Ўзбекистон Республикаси «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда «Жиззах» МИЗ таркибига киритиладиган ер майдонларининг чегараларини аниқ белгиласин ва ерларнинг тегишли равишда ажратилишини таъминласин.

 

Белгилаб қўйилсинки, «Жиззах» МИЗ таркибига киритилган ер майдонлари Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимлигининг бевосита тасарруфида бўлади ҳамда «Жиззах» МИЗ Маъмурий кенгаши билан келишилган ҳолда ажратилади.

 

2. Қуйидагилар «Жиззах» махсус индустриал зонаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

 

ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича замонавий, юксак технологияли ва инновацион ишлаб чиқаришларни барпо этиш ва уларнинг самарали фаолият юритиши учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш;

махсус индустриал зонага кирувчи минтақаларнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш, минерал-хом ашё ресурсларини ва қишлоқ хўжалик хом ашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича янги ишлаб чиқаришларни барпо этиш;

махсус индустриал зона ва умуман республика корхоналари ўртасида мустаҳкам кооперацион алоқалар ўрнатиш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш асосида маҳаллий хом ашё ва материаллар негизида юксак технологияли маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;

«Жиззах» МИЗ ҳудудида транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилманинг жадал ривожланишини ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш.

 

3. Белгилаб қўйилсинки:

«Жиззах» МИЗнинг фаолият юритиш муддати 30 йилни ташкил этади ва бу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин;

«Жиззах» МИЗ фаолият юритадиган муддат мобайнида унинг ҳудудида махсус солиқ тартиби ва божхона имтиёзлари амал қилади;

«Жиззах» МИЗ қатнашчиси мақоми «Жиззах» махсус индустриал зонаси Маъмурий кенгашининг қарори билан берилади.

 

4. «Жиззах» махсус индустриал зонасининг Маъмурий кенгаши 2-иловага* мувофиқ таркибда ташкил қилинсин.

*2-илова берилмайди.

«Жиззах» махсус индустриал зонаси Маъмурий кенгашининг асосий вазифалари ва функциялари қуйидагилардан иборат этиб белгилансин:

корхоналарга «Жиззах» МИЗ қатнашчиси мақомини бериш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

«Жиззах» МИЗда лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул бўлган вазирликлар ва идораларнинг, хўжалик бирлашмаларининг лойиҳа, тендер ва контракт ҳужжатларини ўз вақтида тайёрлаш ҳамда уларнинг экспертизасини ўтказиш борасидаги ишларини, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг «Жиззах» МИЗ фаолияти билан боғлиқ масалалардаги ишларини мувофиқлаштириш;

ишламаётган корхоналарни ва давлат эгалигидаги мол-мулкни «Жиззах» МИЗ қатнашчиларига нолга тенг харид қиймати бўйича сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

«Жиззах» МИЗнинг самарали фаолият юритишини ташкил қилиш, «Жиззах» МИЗ Дирекциясини шакллантириш ва унинг фаолияти устидан назорат олиб бориш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.

 

5. «Жиззах» махсус индустриал зонаси қатнашчилари:

юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, уларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан, кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан;

республикада ишлаб чиқарилмайдиган, лойиҳаларни амалга ошириш доирасида «Жиззах» МИЗ ҳудудига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ускуналар, бутловчи буюмлар ва материаллар бож тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки, юқорида кўрсатиб ўтилган имтиёзлар киритилган инвестицияларнинг ҳажмига қараб 3 йилдан 7 йилгача муддатга берилади, шу жумладан эквиваленти:

300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача бўлганда — 3 йил муддатга;

3 миллион АҚШ долларидан ортиб 10 миллион АҚШ долларигача бўлганда — 5 йил муддатга;

10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда — 7 йил муддатга берилади.

 

6. Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимлиги «Жиззах» махсус индустриал зонасининг Маъмурий кенгаши қарорлари бўйича белгиланган тартибда «Жиззах» МИЗда лойиҳаларни амалга оширувчи инвесторлар учун қуйидагиларни таъминласин:

биринчи навбатда, собиқ саноат зоналарининг фойдаланилмаётган ҳудудларида корхоналар қуриш учун ер майдонларини ўз вақтида ажратиш;

муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун барча зарур рухсатномаларни «бир дарча» тамойили асосида бериш.

 

7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ «Жиззах» МИЗда қатнашувчи хўжалик юритувчи субъектлар учун «Ўзбекэнерго» ДАК, «Ўзтрансгаз» АК, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимлиги бўлинмалари ва бошқа муҳандислик-коммуникация хизматларини етказиб берувчилар коммуникацияларни ишлаб чиқариш майдончаларига туташтирган ҳолда кафолатли уланишини таъминлайдилар.

 

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Жиззах» МИЗга ажратиладиган ҳудудларга бюджет маблағлари ва бошқа ички молиялаш манбалари ҳисобидан ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш, модернизациялаш ва янада ривожлантиришни таъминласин.

 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси «Ўзбекэнерго» ДАК, «Ўзтрансгаз» АК, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, «Ўзавтойўл» АК, «Ўзбекистон темир йўллари» ДАК, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимлиги билан биргаликда уч ой муддатда «Жиззах» махсус индустриал зонаси ҳудудида транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

 

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда «Жиззах» МИЗ Дирекциясини ташкил этсин ва «Жиззах» махсус индустриал зонаси фаолиятини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилсин, унда «Жиззах» махсус индустриал зонаси тўғрисидаги Низом ҳамда «Жиззах» махсус индустриал зонаси Маъмурий кенгаши ҳақидаги Низомни тасдиқлаш назарда тутилсин.

 

10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг Вазирлик таркибидаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш бошқармасининг Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ходимлари сонини 2 нафар штат бирлигига ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

 

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

 

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2013 йил 18 март,

ПФ-4516-сон

 

 

 

 





<<  Асосий саҳифа