Авторизация
Сўровнома

Инспекцияга йўллаган мурожаатингиз ўрнатилган муддатда кўриб чиқилганми?

Category: Сўровнома, Total votes: 37



Orphus
Он-лайн фойдаланувчилар сони: 3

my.gov.uz
id.uz
чоп этиш print821

Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

25.04.1997 й.

N 412-I

 

ЭНЕРГИЯДАН ОҚИЛОНА  ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА

 

Мазкур Қонунга ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонунига мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

 

I. Умумий қоидалар

II. Энергиядан оқилона фойдаланишнинг давлат бошқаруви асослари

III. Энергиядан оқилона фойдаланишнинг иқтисодий механизмлари

IV. Якунловчи қоидалар

 

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

2-модда. Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

3-модда. Ушбу Қонун амал қиладиган соҳа

4-модда. Стандартлаш

5-модда. Стандартлаш объектлари ва предметлари

6-модда. Энергия жиҳатидан самарадорлик ҳамда энергия сифати кўрсаткичларига риоя этилиши устидан давлат текшируви ва назорати

7-модда. Энергия сарфлаш нормативлари

8-модда. Сертификатлаш

9-модда. Метрология

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади миллий энергетика ресурслари сақланишини, энергиядан ва ишлаб чиқариш имкониятларидан самарали фойдаланишни таъминлайдиган умумий ҳуқуқий асосларни шакллантиришдан иборатдир.

 

2-модда. Энергиядан оқилона фойдаланиш

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Қорақалпоғистон Республикасида энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

 

3-модда. Ушбу Қонун амал қиладиган соҳа

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ёқилғи қазиб олиш, ёқилғи, иссиқлик ва электр энергияси (матнда бундан буён энергия деб юритилади) ҳосил қилиш, уларни қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, тақсимлаш ва сарфлаш (матнда бундан буён энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш деб юритилади) билан боғлиқ фаолияти ушбу Қонун амал қиладиган соҳа ҳисобланади.

Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳуқуқий тартибга солиш:

энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш чоғида энергиядан самарали ва экологик жиҳатдан хавфсиз фойдаланилишини таъминлашга;

энергия жиҳатидан самарали технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни, арзонроқ нефть маҳсулотлари, табиий газ, кўмир ва бошқа турдаги табиий ёқилғиларни (матнда бундан буён ёқилғи деб юритилади) қазиб олиш ва ҳосил қилишни рағбатлантиришга;

энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш миқдори ҳамда сифатини ўлчаш ва ҳисобга олишнинг аниқ, тўғри, бир хил бўлишини таъминлашга;

энергиянинг самарали ҳосил қилиниши ва сарфланиши ҳамда унинг сифати устидан, энергетика асбоб-ускуналарининг, энергия билан таъминлаш ва энергияни сарфлаш тизимларининг техникавий ҳолати устидан давлат текшируви ҳамда назоратини амалга оширишга қаратилгандир.

 

4-модда. Стандартлаш

Энергия ҳосил қиладиган ва энергия сарфлайдиган асбоб-ускуналар ҳамда маҳсулотга қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичлари белгилаб қўйилади.

Норматив ҳужжатларда энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш чоғида энергиядан самарали фойдаланиш кўрсаткичлари, шунингдек ишлаб чиқариш жараёнларида энергия сарфланиши, ҳудудлар, бинолар ва иншоотларни иситиш, ҳарорати ва намлигини бир хилда сақлаб туриш, ҳавосини алмаштириш, иссиқлик, сув, газ ва электр билан таъминлаш, электр билан ёритиш учун энергия сарфлаш кўрсаткичлари белгилаб қўйилади.

Энергиядан оқилона фойдаланишга доир норматив ҳужжатлар, техникавий қоидалар ва нормалар энергия ҳосил қилувчилар ва уни сарфловчиларнинг барчаси учун мажбурийдир.

Энергиянинг сифати тегишли норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши лозим.

 

5-модда. Стандартлаш объектлари

Энергия, энергия ҳосил қиладиган ва уни сарфлайдиган ёки энергияни бир турдан бошқа турга айлантириб берадиган аксбоб-ускуналар ва маҳсулотлар, транспорт воситалари, қурилиш, йылсозлик ва қишлоқ хыжалик машиналари, ёритиш техникаси қурилмалари, иситиш, ҳарорат ва намликни бир хилда сақлаб туриш ҳамда ҳавони алмаштириш тизимлари, халқ истеъмоли моллари, иссиқлик ытказмайдиган материаллар ва қурилиш конструкциялари, технология жараёнлари, шунингдек энергия ҳосил қилиш ва маҳсулот ишлаб чиқариш учун энергия сарфи кырсатгичларининг мажмуи ҳамда қиймати энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги стандартлаш объектларидир. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни тахриридаги модда матни)

 

6-модда. Энергия жиҳатидан самарадорлик ҳамда

энергия сифати кўрсаткичларига риоя этилиши устидан

давлат текшируви ва назорати

Энергия жиҳатидан самарадорлик ҳамда энергия сифатининг норматив ҳужжатларда белгиланган кўрсаткичларига риоя этилиши устидан давлат текшируви ва назорати Ўзбекистон стандартлаштириш, метрологая ва сертификатлаштириш агентлиги (бундан буён матнда "Ўзстандарт" агентлиги деб юритилади) ҳамда бошқа органлар зиммасига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юкланади. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни тахриридаги модда матни)

 

7-модда. Энергия сарфлаш нормативлари

Ушбу Қонун 5-моддасида санаб ўтилган объектлар учун энергия сарфлаш нормативларини Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ёки у ваколат берган органлар белгилайди.

Энергия сарфлаш нормативлари энергия ҳосил қилувчи ва уни ишлатувчи асбоб-ускуналар ҳамда маҳсулотларнинг техника паспортларига, тузатиш-таъмирлаш ва режим варақаларига, улардан фойдаланиш йўриқномаларига киритилади. Бинолар ва иншоотларни иситиш, уларнинг ҳавосини алмаштириш, ҳарорати ва намлигини бир хилда сақлаб туриш учун энергия сарфлаш нормативлари қурилиш нормалари ва қоидаларида белгилаб қўйилади. Энергия сарфлаш нормативлари ҳар беш йилда қайта кўриб чиқилади ва илғор технология ютуқларини ҳисобга олган ҳолда ўзгартирилиши лозим.

 

8-модда. Сертификатлаш

Қуйидагилар норматив ҳужжатларда кўрсатилган энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлик бўйича мажбурий сертификатлаштирилади:

энергетика ресурслари;

оммабоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш;

энергия ҳосил қилувчи ва уни ишлатувчи асбоб-ускуналар ҳамда маҳсулотлар.

Мажбурий сертификатлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ишлаб чиқарувчи асбоб-ускуналарни, шу жумладан рўзғорда фойдаланиш учун мўлжалланган асбоб-анжомларни энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига доир қисмида тамғалашни норматив ҳужжатларда кўрсатилган талабларга мувофиқ амалга оширади.

 

9-модда. Метрология

Энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш чоғида, мажбурий давлат метрология текшируви ва назорати амалга оширилади.

Энергиядан оқилона фойдаланишни давлат томонидан метрологик таъминлаш энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш чоғида ўлчашнинг бир хиллигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар норматив ҳужжатлар мажмуини назарда тутади.

Қуйидагилар энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш устидан давлат метрология текшируви ва назорати объектларидир:

ўлчов воситалари;

ахборот-ўлчов тизимлари;

моддалар ва материаллар таркиби ҳамда хоссаларининг стандарт намуналари;

энергияни ва энергия манбаларини ҳисобга олиш мажмуи ҳамда тармоқлари;

ўлчаш услублари;

метрология нормалари ва қоидаларида назарда тутилган бошқа объектлар.

Энергиядан оқилона фойдаланиш тизимини таъминлаш устидан давлат метрология текшируви ва назорати "Ўзстандарт" агентлиги зиммасига юклатилади. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)

 

II. ЭНЕРГИЯДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШНИНГ

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ АСОСЛАРИ

 

10-модда. Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

11-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг энергиядан оқилона фойдаланиш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш борасидаги ваколатлари

12-модда. Аниқ мақсадга қаратилган миллий, тармоқ ва минтақавий дастурлар ҳамда лойиҳалар

13-модда. Энергетика текширувлари

14-модда. Энергетика экспертизаси

15-модда. Энергияни ҳисобга олиш

16-модда. Энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш устидан статистика кузатуви

 

10-модда. Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги

 давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Қуйидагилар энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидир:

аниқ мақсадга қаратилган миллий, тармоқ ва минтақа дастурлари ҳамда лойиҳаларини рўёбга чиқариш;

миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун зарур бўлган энергия ҳосил қилишни ва уни сарфлашни барқарорлаштириш;

энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш режимларини энг мақбул даражага келтириш, унинг ҳисобга олинишини ташкил этиш;

энергия тежамли сарфланадиган асбоб-ускуналар ва энергия кам сарфланадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантириш;

энергия ҳосил қилувчи ва уни ишлатувчи асбоб-ускуналар ҳамда маҳсулотга тааллуқли норматив ҳужжатларга энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларини киритиш;

энергия сифати, ишлаб чиқаришнинг энергия сарфланиши жиҳатидан самарадорлиги ва маҳсулотга энергия сарфи миқдори устидан давлат текшируви ва назоратини ташкил этиш;

корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг энергия жиҳатидан самарадорлиги текшириб борилишини ташкил этиш;

маҳсулотларнинг, ишлаб турган ва қайта қурилаётган объектларнинг, технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергетика экспертизасини ўтказиш;

энергия самарадорлиги юқори бўлган лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун энергия жиҳатидан самарадорлик намойиш этиладиган зоналар барпо этиш;

энергия жиҳатидан самарадор ва экологик жиҳатдан соф технологиялар ва ишлаб чиқаришларни ривожлантиришни paғбатлантириш;

энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш устидан статистика кузатувини ташкил этиш.

 

11-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг

энергиядан оқилона фойдаланиш бўйича давлат сиёсатини

амалга ошириш борасидаги ваколатлари

Энергиядан оқилона фойдаланиш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати энергиядан оқилона фойдаланишга қаратилган дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқади ҳамда уларни рўёбга чиқаради;

энергия тежамли сарфланадиган дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни рўёбга чиқаришда вазирликлар, идоралар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

энергия жиҳатидан самарали техника ва маҳсулотлар, илғор технология, бу соҳадаги бошқарув усуллари ва илмий тадқиқотларни жорий этиш бўйича иккиламчи энергия ресурслари ва чиқиндилардан фойдаланиш бўйича лойиҳалар, шунингдек қуёш, шамол, сув оқимларининг табиий ҳаракати энергияси ва бошқа энергия манбаларидан (матнда бундан буён қайта тикланадиган энергия манбалари деб юритилади) фойдаланиладиган технологиялар рўёбга чиқарилишига кўмаклашади;

энергияни ҳисобга олиш, уни назорат қилиш ва бошқариш асбобларини, энергия жиҳатидан самарали ва экологик жиҳатдан хавфсиз энергетика қурилмаларини ишлаб чиқарувчи саноат базаси ривожлантирилишига ёрдам беради;

энергетика тадқиқотлари ва экспертизалари соҳасидаги фаолиятга лицензия беради;

энергия сарфлашнинг махсус режимини ўрнатишга розилик беради;

энергиядан оқилона фойдаланиш ва энергетика асбоб-ускуналарини ишлатиш масалалари бўйича кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини яратишга кўмаклашади;

жамоатчиликни энергиядан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисида хабардор қилиб боради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

 

12-модда. Аниқ мақсадга қаратилган миллий,

тармоқ ва минтақавий дастурлар ҳамда лойиҳалар

Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги аниқ мақсадга қаратилган миллий, тармоқ ва минтақавий дастурлар ҳамда лойиҳалар энергиядан оқилона фойдаланиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда мажбурийдир.

Қуйидагилар тегишинча аниқ мақсадга қаратилган миллий, тармоқ, минтақавий дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ташаббускори бўладилар:

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати;

вазирликлар ва идоралар;

Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органлари.

Аниқ мақсадга қаратилган миллий, тармоқ ва минтақавий дастурлар ҳамда лойиҳалар беш йил ва ундан узоқроқ муддат учун ишлаб чиқилади, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан тасдиқланади ва устувор ҳисобланади. Уларни рўёбга чиқариш масъулияти тегишинча Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилади.

 

13-модда. Энергетика текширувлари

Энергетика текширувлари энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш самарадорлигини баҳолаш мақсадида ўтказилади.

+ар йили умумий ҳажми олти минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғи ёки бир минг тоннадан ортиқ мотор ёқилғисига тенг энергия ресурсларини сарфлайдиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар мажбурий энергетика текширувларидан ўтказилади.

Энергетика текширувларини ўтказиш тартиби ва муддатларини Ўзбекистон Республикаси ҳукумати белгилайди.

 

14-модда. Энергетика экспертизаси

Энергия ҳосил қилувчи ва уни ишлатувчи асбоб-ускуналар шунингдек ишлаб чиқарилишида энергиядан фойдаланиладиган маҳсулотлар энергия жиҳатидан самарадорлиги ва энергия сарфланиши миқдорини баҳолаш учун энергетика экспертизасидан ўтказилади.

Янги ва реконструкция қилинаётган объектларнинг, технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг лойиҳа ҳужжатларини энергетика экспертизасидан ўтказиш мажбурийдир.

Энергетика экспертизаси Ўзбекистон Республикаси ҳукумати белгилайдиган тартибда ўтказилади.

 

15-модда. Энергияни ҳисобга олиш

+осил қилинадиган ва сарфланадиган энергия жами ҳажми албатта ҳисобга олинади.

Энергияни ҳисобга олиш тартиби ва уни асбоблар билан таъминлаш қоидалари, электр ва иссиқлик энергиясидан, табиий газдан, нефтни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан белгиланади.

 

Энергияни ҳисобга олиш норматив ҳужжатларда белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

 

Энергия ҳисоби тўғри юритилиши учун жавобгарлик корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ёки шунга ваколат берилган бошқа шахсларнинг зиммасига юклатилади.

 

16-модда. Энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш

устидан статистика кузатуви

Энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш ҳажми ҳамда унинг таркибий тузилиши, энергиядан оқилона фойдаланилиши устидан статистика кузатувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан белгиланган тартибда ташкил этади ва амалга оширади.

 

III. ЭНЕРГИЯДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШНИНГ

ИҚТИСОДИЙ МЕХАНИЗМЛАРИ

 

17-модда. Аниқ мақсадга қаратилган дастурлар ва

лойиҳаларни молиялаш

18-модда. Тармоқлараро энергияни тежаш фонди

19-модда. Энергия ҳосил килувчилар ва унинг

истеъмолчиларига бериладиган имтиёзлар

20-модда. Қайта тикланадиган энергия манбаларидан

фойдаланиш

21-модда. Энергиядан нооқилона фойдаланганлик

учун жавобгарлик

 

17-модда. Аниқ мақсадга қаратилган дастурлар ва

 лойиҳаларни молиялаш

Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги аниқ мақсадга қаратилган миллий, тармоқ ва минтақавий дастурлар ва лойиҳаларни молиялаш энергия жиҳатидан самарали дастурлар ва лойиҳаларни рўёбга чиқаришдан фойда оладиган корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятидан келадиган даромадлари, бюджетдан ташқари аниқ мақсадга қаратилган фондлар, ички ва чет эл инвестициялари, бюджет манбалари ва бошқа манбалар ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

18-модда. Тармоқлараро энергияни тежаш фонди

Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан бюджетдан ташқари тармоқлараро энергияни тежаш фонди (матнда бундан буён энергияни тежаш фонди деб юритилади) ташкил этилади.

Қуйидагилар энергияни тежаш фондини шакллантириш манбалари бўлиши мумкин:

кредитлар берганлик учун ва фонднинг бошқа молия-хўжалик фаолиятидан олинадиган фойда;

энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги аниқ мақсадга қаратилган миллий, тармоқ ва минтақавий дастурлар ҳамда лойиҳаларни рўёбга чиқаришдан олинадиган фойданинг улуши;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг аниқ мақсадга қаратилган ихтиёрий бадаллари;

энергиядан нооқилона фойдаланганлик учун иқтисодий жазо чораси қўллашдан тушадиган маблағлар;

амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тушумлар.

 

 

19-модда. Энергия ҳосил килувчилар ва унинг

 истеъмолчиларига бериладиган имтиёзлар

Энергиядан оқилона фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати юридик ва жисмоний шахсларга:

энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги аниқ мақсадга қаратилган миллий, тармоқ ва минтақавий дастурлар ҳамда лойиҳаларни давлат имтиёзли кредитлари ҳисобидан молиялаш бўйича;

тармоқлараро илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини молиялаш, энергия жиҳатидан самарадор асбоб-ускуналарнинг тажриба туркумларини ишлаб чикариш бўйича;

энергиядан фойдаланиш самарадорлигини анча оширадиган махсус асбоб-ускуналар, асбоблар ва материалларни импорт қилганлик учун божхона божлари ва солиқлар бўйича;

ўз ваколатига мувофиқ бошқа масалалар бўйича имтиёзлар беради.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати:

белгиланган нормативларга нисбатан энергия сарфи камайишини таъминлаган;

энергия сарфи миқдори белгиланган нормативлардагидан кам бўлган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқараётган; ёқилғидан оммабоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида фойдаланаётган юридик ва жисмоний шахсларга энергия учун имтиёзли тарифлар белгилаши мумкин.

Энергияни тежайдиган технологияларга сарфланган харажатлар ва капитал маблағлар қопланишини жадаллаштириш мақсадида асбоб-ускуналар, асбоблар, иссиқлик ўтказмайдиган материаллар ва конструкциялар, кўплаб ишлаб чиқариладиган энергия жиҳатидан самарали маҳсулотларни чиқараётган, тегишли ишларни бажараётган ва хизматлар кўрсатаётган ишлаб чиқарувчиларга, шунингдек мазкур асбоб-ускуна, асбоб, материал конструкция, маҳсулотларнинг жорий этилишини ва улардан фойдаланилишини таъминлаётган юридик ва жисмоний шахсларга қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ бўйича имтиёзлар белгиланади.

Энергия ва иссиқлик таъминотини такомиллаштириш, уй-жойлар, квартиралар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни энергия сарфини ҳисобга оладиган, назорат қиладиган ва бошқариб турадиган асбоблар билан таъминлаш ишларини амалга ошираётган, иссиқлик йўқолишига йўл қўймаслик ва энергия сарфлашни камайтиришга, иситиш учун иккиламчи энергия ресурсларидан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан, маҳаллий ёқилғи турлари ва ишлаб чиқариш чиқиндиларидан фойдаланишга қаратилган бошқа чора-тадбирларни қўшимча равишда амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахсларга энергияни тежаш фонди маблағларидан дотация берилиши мумкин.

 

20-модда. Қайта тикланадиган энергия

 манбаларидан фойдаланиш

Энергия таъминоти ташкилотлари жумласига кирмайдиган электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчилар ана шу ташкилотларнинг тармоқларига энергия таъминоти ташкилотлари билан келишилган, марказлаштирилган энергия таъминоти тармоқлари ва манбаларининг энг оқилона иш режимини таъминлайдиган миқдорларда ва режимларда энергия бериш ҳуқуқига эга. Энергия таъминоти ташкилотлари мазкур ишлаб чиқарувчилардан энергияни белгиланган тартибда чиқариладиган нархлар бўйича ўз тармоқларига қабул қилиб олишни таъминлашлари шарт.

Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги лойиҳалар ва дастурларга мувофиқ бунёд этилаётган, қайта тикланадиган энергия манбалардан фойдаланадиган, иккиламчи ресурслар ва чиқиндиларни ишлатадиган энергетика қурилмалари учун белгиланадиган электр ва иссиқлик энергиясининг нархлари ана шу қурилмалар қурилишига кетган капитал маблағлар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан келишилган муддатларда жадал қопланишини таъминлаши лозим.

 

Энергетика ресурсларидан самарали фойдаланилишини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан белгиланадиган тартибда нефть маҳсулотлари, қозон-печ ёқилғиси учун мавсумий нархлар ҳамда электр ва иссиқлик энергияси учун мавсумий тарифлар, шунингдек электр энергияси учун сутканинг турли вақтлари бўйича табақалаштирилган тарифлар жорий этилади.

 

21-модда. Энергиядан нооқилона

фойдаланганлик учун жавобгарлик

Энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш соҳасида шуғулланаётган юридик ва жисмоний шахслар бевосита энергия нобудгарчилигини ва энергетика жиҳатидан самарасиз маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини истисно этадиган ишлаб чиқариш, маҳсулот, ишлар ва хизматларнинг белгиланган энергия жиҳатидан самарадорлигини таъминлашлари шарт. Бу талаблар бузилган тақдирда юридик шахсларга нисбатан:

энергиянинг сифат кўрсаткичлари бузилган;

энергиянинг бевосита нобудгарчилиги асбоблар ёрдамида ёки норматив усул билан аниқланган;

энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичлари норматив ҳужжатларнинг талабларига мос келмайдиган маҳсулот ишлаб чиқарилган;

энергия сарфланишини асбоб ёрдамида ҳисобга олиш бузилган;

сертификатлаштирилмаган энергетика асбоб-ускуналаридан;

энергия таъминоти тармоқлари ва тизимларининг элементларидан фойдаланилган;

мавжуд иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланишнинг белгиланган улуши таъминланмаган ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ иқтисодий жазо чоралари қўлланилади.

Иқтисодий жазо чораларининг қўлланилиши юридик шахсларни ўзлари етказган зарарни қоплашдан озод қилмайди.

Энергиядан нооқилона фойдаланганлик учун жисмоний шахсларнинг жавобгарлиги қонун ҳужжатларида белгиланади.

Энергия етказиб берувчиларнинг келишмасдан энергия таъминотини тўхтатиб қўйиши натижасида энергиядан фойдаланувчиларга етказилган зарар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.

 

IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

 

22-модда. Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги

халқаро ҳамкорлик

23-модда. Халқаро шартномалар

24-модда. Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

 

22-модда. Энергиядан оқилона фойдаланиш

соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Қуйидагилар халқаро хамкорликнинг асосий йўналишларидир:

энергия жиҳатидан самарали технологияларни чет эл ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли айирбошлаш;

энергиядан оқилона фойдаланишни таъминловчи қўшма давлатлараро лойиҳаларни республикада рўёбга чиқариш;

энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги халқаро лойиҳаларда иштирок этиш;

энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларини халқаро стандартларнинг талабларига мослаш, шунингдек сертификатлаш натижаларини ўзаро эътироф этиш.

 

 23-модда. Халқаро шартномалар

Агар Ўзбекистон Республикаси қатнашган халқаро шартномада ушбу қонунда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

24-модда. Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги

 қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Президенти  И. КАРИМОВ

 

 

 

 

 





<<  Асосий саҳифа