Авторизация
Сўровнома

Рухсат бериш хусусиятига эга электрон хизматларимиздан фойдаландингизми?

Category: Сўровнома, Умумий овозлар сони: 23



Orphus
Он-лайн фойдаланувчилар сони: 21

my.gov.uz
id.uz
чоп этиш print224

Халқаро қуёш энергияси институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида


 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

 

Халқаро қуёш энергияси институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқаро қуёш энергияси институтини ташкил этиш тўғрисида» 2013 йил 1 мартдаги ПҚ–1929-сон қарорини бажариш юзасидан ҳамда Халқаро қуёш энергияси институти фаолиятининг самарали ташкил этилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

 

1. Осиё тараққиёт банки томонидан Тошкент шаҳрида Халқаро қуёш энергияси институтини (кейинги ўринларда Институт деб аталади) ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан қўшма лойиҳа доирасида умумий суммаси 3,0 млн АҚШ доллари бўлган беғараз техник кўмак берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

 

2. Институт кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва «Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компаниясининг Институтни масъулияти чекланган жамият шаклидаги мустақил юридик шахс сифатида таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

 

Белгилаб қўйилсинки:

 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси — устав фондидаги ўзининг Институтга берилаётган Тошкент шаҳри, Бодомзор йўли кўчаси, 2«Б», 2-корпус манзилида жойлашган биноси ҳисобига шакллантириладиган 51 фоиз миқдоридаги улуши билан ҳамда «Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компанияси — Институтга берилаётган пул маблағлари, асбоб-ускуналари ва бошқа зарур мол-мулки ҳисобига шакллантириладиган 49 фоиз миқдоридаги улуши билан Институтнинг дастлабки муассислари ҳисобланади;

 

келгусида Институт муассислари таркибига, Институтнинг устав фондини тегишли равишда кўпайтирган ҳолда, халқаро ва хорижий ҳукумат ташкилотлари, молиявий институтлар, жамғармалар, илмий марказлар ва тадқиқот марказлари, инвесторлар, корхоналар ва бошқа манфаатдор тузилмалар ҳам кириши мумкин.

Институт кенгашига, янги муассислар жалб этилишига кўра, Институт устав фонди миқдори ва таркибига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

 

3. Институт кенгаши Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда, Институт ишларига кўмаклашиш учун халқаро ва хорижий ҳукумат ташкилотларининг, илмий ва тадқиқот марказларининг ҳамда бошқа донорларнинг маблағларини мунтазам равишда жалб этсин.

 

4. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Фанлар академияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда кўрсатиб ўтилган манзилдаги бинонинг қийматини баҳоласин ва унинг Институт устав фондига берилишини белгиланган тартибда расмийлаштиришни таъминласин.

 

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқаро қуёш энергияси институтини ташкил этиш тўғрисида» 2013 йил 1 мартдаги ПҚ-1929-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати Институт биносини реконструкция қилиш бўйича буюртмачи этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

 

Институт биносини реконструкция қилишни амалга ошириш доирасида:

 

«ТошуйжойЛИТИ» очиқ акциядорлик жамияти — бош лойиҳалаш ташкилоти этиб;

 

«BITI — Production» масъулияти чекланган жамият қўшма корхонаси — бош пудрат ташкилоти этиб белгилансин.

 

6. Буюртмачи ва бош лойиҳалаш ташкилоти 2014 йил 1 февралгача Институт биносини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг ишлаб чиқилишини таъминласинлар.

 

7. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига, «Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компаниясига, Институтга 2014 йил 1 мартгача бўлган муддатда Институт биносини реконструкция қилишни бир босқичли лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан параллел равишда амалга оширишга истисно тариқасида рухсат этилсин.

 

8. Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси Институт биносини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг белгиланган тартибда эксперт жиҳатидан кузатиб борилишини ва қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши сифати юзасидан доимий назоратни таъминласин.

 

9. «Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компанияси Институт биносини реконструкция қилиш ҳамда илмий-лаборатория ускуналари, приборлар, мебеллар ва ташкилий техника билан жиҳозлаш ишларини бажариш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.

 

10. Институт ва «Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компанияси «Ўзстандарт» агентлиги билан биргаликда фотоэлектр модуллар синовлари бўйича лабораторияларни миллий ва халқаро аккредитациядан ўтказиш тадбирлари режасини бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда тасдиқласинлар.

 

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.И. Икрамов ва Ғ.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент ш.,

2013 йил 25 сентябрь,

265-сон

 

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 39-сон, 515-модда)

 

 

 





<<  Асосий саҳифа