Авторизация
Сўровнома

Инспекцияга йўллаган мурожаатингиз ўрнатилган муддатда кўриб чиқилганми?

Category: Сўровнома, Total votes: 37



Orphus
Он-лайн фойдаланувчилар сони: 17

my.gov.uz
id.uz
чоп этиш print1573

Тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

 


 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  қарори

 

Тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

 

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 40-сон, 517-модда)

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш учун тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига улаш тизимини янада соддалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

 

1. Қуйидагилар тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига улаш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ҳисоблансин:

 

тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига улашда уларнинг бевосита иштирокини талаб қиладиган тартиботлар сонини тубдан қисқартириш;

 

техник шартларни олишдан бошлаб фойдаланишга тайёр ҳолда электр ва газ тармоқларига уланишгача бўлган барча тартиботларни амалга ошириш ваколатларини электр ва газ таъминоти бўйича фойдаланиш ташкилотларига бериш.

 

2. Қуйидагилар тасдиқлансин ва 2016 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилсин:

 

Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

 

Тадбиркорлик субъектларини газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ.

 

3. Қуйидаги тартиб белгилансин, унга мувофиқ 2016 йил 1 январдан бошлаб:

 

тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш учун ҳужжатлар бевосита туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатувчи ягона марказлар (кейинги ўринларда «ягона дарча» марказлари деб аталади) томонидан қабул қилинади;

 

тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш ишлари электр ва газ таъминоти ташкилотлари томонидан шартнома асосида амалга оширилади;

 

электр ва газ таъминоти ташкилотлари тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш ишларини амалга оширишда лойиҳалаш, қурилиш-монтаж, ишга тушириш-созлаш ва режим-созлаш ишларини амалга ошириш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотларни субпудрат асосида жалб этиш ҳуқуқига эгадирлар;

 

тадбиркорлик субъектларига кейинчалик электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш учун магистрал тармоқларни қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш бўйича талабларни белгиловчи техник шартларни бериш тақиқланади.

 

4. «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти ва «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси:

 

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, «Давархитектқурилиш» қўмитаси ва Адлия вазирлиги билан биргаликда — тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш бўйича намунавий шартномаларни 2015 йил 1 декабргача бўлган муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар;

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда — ваколатли органлар ва «ягона дарча» марказлари ходимлари иштирокида тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш юзасидан қабул қилинган нормаларни амалда қўллаш даражасини оширишга йўналтирилган ўқув семинарлари мунтазам равишда ташкил этилишини ва ўтказилишини таъминласинлар;

 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда — тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмуни ҳамда якуний мақсадлари тўғрисида тадбиркорлик субъектларининг хабардорлигини оширишга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқсинлар ва амалга оширсинлар.

 

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент ш.,

 

2015 йил 2 октябрь,

 

280-сон

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 октябрдаги 280-сон қарорига
1-ИЛОВА

 

Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартиби тўғрисида

 

НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартибини белгилайди.

 

Ушбу Низом талаблари:

 

белгиланган тартибда амалга ошириладиган лойиҳалашга, қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажаришга ҳамда ички электр таъминотидан фойдаланишга;

 

тадбиркорлик субъектларини 35 кВ ва ундан юқори кучланишли электр тармоқларига белгиланган тартибда улашга;

 

лойиҳа-смета ҳужжатларида ташқи ва ички электр таъминоти тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш назарда тутилган объектларга татбиқ этилмайди.

 

2. Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш (кейинги ўринларда фойдаланишга тайёр ҳолда улаш деб аталади) ишларнинг қуйидаги босқичларидан иборат бўлади:

 

фойдаланишга тайёр ҳолда улаш учун шартнома тузиш;

 

техник шартларни ишлаб чиқиш;

 

электр тармоқлари трассаларини ўтказиш (ВЛ, КЛ, ТП майдончалари) учун ер участкаси танлаш ёки уларда қўшимча симлар ўтказиш ёки уларни реконструкция қилиш учун мавжуд электр тармоқлари конструкцияларидан фойдаланиш далолатномасини тузиш;

 

ташқи электр таъминоти лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ваколатли органлар билан келишиш;

 

қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини амалга ошириш;

 

ҳисобга олиш приборини ўрнатиш;

 

электр таъминоти шартномасини тузиш.

 

3. Фойдаланишга тайёр ҳолда улаш ишлари ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан, тадбиркорлик субъекти билан тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

 

Фойдаланишга тайёр ҳолда улаш ишлари қиймати шартнома асосида аниқланади ва белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилган ташқи электр таъминоти лойиҳасига биноан аниқлаштирилади.

 

4. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси фойдаланишга тайёр ҳолда улаш ишларини амалга ошириш жараёнида субпудрат асосида лойиҳалашни, қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш учун ихтисослаштирилган ташкилотларни жалб этиш ҳуқуқига эга.

 

II. Фойдаланишга тайёр ҳолда улаш бўйича шартномани расмийлаштириш

 

5. Тадбиркорлик субъектлари фойдаланишга тайёр ҳолда улаш учун туман (шаҳар) тадбиркорлик субъектларига (ягона дарча) тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатувчи ягона марказларга (кейинги ўринларда «ягона дарча» марказлари деб аталади) қонунчиликда белгиланган шакл бўйича давлат хизматлари кўрсатиш учун ариза билан белгиланган тартибда мурожаат қиладилар.

 

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

 

ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шакл бўйича техник шартлар олиш учун тадбиркорлик субъектининг электр қурилмасини тавсифловчи маълумотлар;

 

геодезия ва картография фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахс томонидан бериладиган ер участкасининг М1:500 масштабдаги топографик харитаси.

 

Тадбиркорлик субъектидан ушбу бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

 

6. «Ягона дарча» маркази ариза қабул қилинган кун мобайнида уни ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда ҳудудий электр тармоқлари корхонасига юборади.

 

7. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси «ягона дарча» марказидан ариза тушган кундан бошлаб 5 кун мобайнида:

 

тадбиркорлик субъектининг электр қурилмаларини электр тармоқларига улашнинг техник имкониятини жойига борган ҳолда ўрганади;

 

«ягона дарча» марказига тадбиркорлик субъекти номига расмийлаштирилган фойдаланишга тайёр ҳолда улаш бўйича шартномани беради.

 

8. «Ягона дарча» маркази ҳудудий электр тармоқлари корхонасидан фойдаланишга тайёр ҳолда улаш бўйича шартнома олингандан кейин 5 кун мобайнида тадбиркорлик субъекти томонидан ушбу шартнома тузилишини таъминлайди ва шартнома тарафларига бир нусхадан тақдим этади;

 

Тадбиркорлик субъекти кўрсатиб ўтилган муддат мобайнида «ягона дарча» марказига келмаганда ёки у фойдаланишга тайёр ҳолда улаш бўйича шартнома тузишни рад этганда «ягона дарча» маркази бир кун муддатда бу тўғрида ҳудудий электр тармоқлари корхонасини хабардор қилади.

 

9. Фойдаланишга тайёр ҳолда улаш бўйича шартнома белгиланган тартибда тасдиқланган намунавий шартнома асосида тузилади.

 

10. Фойдаланишга тайёр ҳолда улаш бўйича шартнома тузилгандан кейин тадбиркорлик субъекти (буюртмачи) ҳудудий электр тармоқлари корхонасига (пудратчига) шартномада кўрсатилган миқдорда аванс тўловини ўтказади.

 

Аванс тўловларининг тушиши фойдаланишга тайёр ҳолда улаш ишларини ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан бошлаш учун асос ҳисобланади.

 

III. Фойдаланишга тайёр ҳолда улаш ишларини ташкил этиш

 

11. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси техник шартлар асосида ташқи электр таъминоти лойиҳасини ушбу Низомнинг 3-иловасиданазарда тутилган муддатларда тайёрлайди ва уни келишиш учун «Ўздавэнергоназорат» инспекциясига ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига, шунингдек туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бўлимига (бошқармасига) юборади.

 

12. «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси ёки унинг ҳудудий бўлинмалари, туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бўлими (бошқармаси) ташқи электр таъминоти лойиҳаси тушган кундан бошлаб 5 кунгача муддатда уни келишади ёки ҳудудий электр тармоқлари корхонасига лойиҳани келишишнинг рад этилганини рад этишнинг асосланган сабабларини кўрсатган ҳолда юборадилар.

 

Ташқи электр таъминоти лойиҳасини келишишни унинг мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабларига кўра рад этишга йўл қўйилмайди.

 

Ташқи электр таъминоти лойиҳасини келишишни рад этиш учун асос бўлган сабаблар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан бартараф этилган тақдирда лойиҳани ваколатли органлар томонидан такрорий кўриб чиқиш лойиҳа олинган кундан бошлаб 3 кундан ошмайдиган муддатда амалга оширилади.

 

Ташқи электр таъминоти лойиҳасини ваколатли органлар томонидан келишиш тўлов ундирилмасдан амалга оширилади.

 

13. Электр қурилмаларининг сўралаётган қуввати 10 кВт.гачани ташкил қилган тақдирда ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан ҳисоб-китоб-монтаж схемаси ишлаб чиқилади, у ташқи электр таъминоти лойиҳаси ҳисобланади ва уни келишиш талаб қилинмайди.

 

14. Ташқи электр таъминотининг келишилган лойиҳаси олингандан кейин ҳудудий электр тармоқлари корхонаси қурилиш-монтаж ишларини бажаришга киришади.

 

Ҳисобга олиш приборини ўрнатган ҳолда қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш ушбу Низомнинг 2-иловасида назарда тутилган муддатларда амалга оширилади.

 

IV. Ташқи электр таъминотини фойдаланишга қабул қилиш

 

15. Ташқи электр таъминотини фойдаланишга қабул қилиш «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси ёки унинг ҳудудий бўлинмаси инспектори томонидан, тадбиркорлик субъектининг ва ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакиллари иштирокида амалга оширилади.

 

16. Ташқи электр таъминотини фойдаланишга қабул қилиш тадбиркорлик субъекти ва «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси ёки унинг ҳудудий бўлинмаси томонидан, ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг унинг фойдаланишга тайёрлиги тўғрисидаги ёзма хабарномаси олинган кундан бошлаб 3 кун мобайнида амалга оширилади.

 

17. Электр қурилмаларининг сўралаётган қуввати 10 кВт.гачани ташкил қилган тақдирда ташқи электр таъминотини фойдаланишга қабул қилиш ва истеъмолчининг электр қурилмаларини фойдаланишга қабул қилишга «Ўздавэнергоназорат» инспекциясининг ёки унинг ҳудудий бўлинмасининг рухсатини олиш талаб қилинмайди.

 

18. «Ўздавэнергоназорат» инспекциясининг инспектори томонидан ташқи электр таъминотини фойдаланишга қабул қилиб олишда техник шартлардан, ташқи электр таъминоти лойиҳасидан, шунингдек шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларидан чекинишлар аниқланган тақдирда истеъмолчининг электр қурилмаларини фойдаланишга қабул қилиш учун рухсатнома аниқланган чекинишлар бартараф этилгандан кейин берилади.

 

19. Ташқи электр таъминотини фойдаланишга қабул қилиш ишлари тугаллангандан кейин ҳудудий электр тармоқлари корхонаси тадбиркорлик субъектига қуйидаги ҳужжатларни бир нусхадан беради:

 

техник шартлар;

 

ташқи электр таъминоти лойиҳаси;

 

ҳисобга олиш приборларини текшириш ва пломбалаш далолатномаси;

 

қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ҳужжатлари;

 

электр таъминоти шартномаси.

 

V. Электр таъминоти шартномасини тузиш

 

20. Ушбу Низомнинг 17-бандида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, ташқи электр таъминотидан фойдаланишга рухсатноманинг мавжудлиги электр таъминоти шартномасини тузиш ва тадбиркорлик субъектларининг электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш учун асос ҳисобланади.

 

21. Электр таъминоти шартномаси ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан тадбиркорлик субъекти ўртасида икки нусхада, ҳар қайси тараф учун бир нусхадан тузилади.

 

VI. Якунловчи қоидалар

 

22. Фойдаланишга тайёр ҳолда улаш ишлари ушбу Низомнинг 3-иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

 

23. Электр таъминоти шартномасини тузмасдан электр энергияси етказиб беришни амалга ошириш тақиқланади.

 

24. Ушбу Низомнинг талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

 

Тадбиркорлик субъектининг техник шартлар олиш учун электр қурилмасини тавсифлайдиган

 

маълумотлар

 

1. Уланадиган қувват

         

кВт

 

2. Электр қурилмаларини ўрнатиш қоидаларига

1-тоифа

         

кВт

мувофиқ электр таъминоти бўйича ишончлилик

2-тоифа

         

кВт

тоифаси

3-тоифа

         

кВт

 

3. Электр қурилмасини фойдаланишга топшириш муддати

           
 

ой

йил

4. Ушбу маълумотларга қуйидагилар илова қилинади:

1.

                                                   

варақ

2.

                                                   

варақ

3.

                                                   

варақ

4.

                                                   

варақ

5.

                                                   

варақ

 

5. Мен ________________________________________________________________________

(тадбиркорлик субъектининг фамилияси, исми, отасининг исми)

_____________________________________________________________________________
барча тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқлайман.

 

________________________
имзо

 

Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

 

Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан ташқи электр таъминоти лойиҳасини тайёрлаш, шунингдек қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш

 

муддатлари

 

Кучланиш

Қуввати

Муддатлари

I. Ташқи электр таъминоти лойиҳасини тайёрлаш

1 кВ гача

10 кВт ва ундан ортиқ

15 кунгача

6 — 10 кВ

20 кунгача

II. Қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш

1 кВ гача

10 кВт ва ундан ортиқ

15 кунгача

6 — 10 кВ

30 кунгача

 

Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА

 

Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш

 

СХЕМАСИ

 

http://www.lex.uz/Pages/GetPDF.aspx?file=2779420

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 октябрдаги 280-сон қарорига
2-ИЛОВА

 

Тадбиркорлик субъектларини газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартиби тўғрисида

 

НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом тадбиркорлик субъектларини газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда (кейинги ўринларда фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш деб аталади) улаш тартибини белгилайди.

 

Ушбу Низом талаблари:

 

лойиҳа-смета ҳужжатларида ташқи газ тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш назарда тутилган объектларга;

 

хавфли ишлаб чиқариш объектларини газлаштиришга татбиқ этилмайди.

 

2. Фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш ишларининг қуйидаги босқичларидан иборат бўлади:

 

фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш бўйича шартнома тузиш;

 

техник шартларни ишлаб чиқиш;

 

газлаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ваколатли органлар билан келишиш;

 

қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш;

 

газни ҳисобга олиш приборини ўрнатиш;

 

ишга тушириш-созлаш ва режим-созлаш ишларини амалга ошириш;

 

газ етказиб бериш юзасидан шартнома тузиш.

 

3. Фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш ишлари газ таъминоти ташкилоти томонидан, тадбиркорлик субъекти билан тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

 

Фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш ишларининг қиймати шартнома асосида аниқланади ва белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилган газлаштириш лойиҳасига биноан аниқлаштирилади.

 

4. Газ таъминоти ташкилоти фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш ишларини амалга ошириш жараёнида субпудрат асосида лойиҳалашни, қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш учун ихтисослаштирилган ташкилотларни жалб этиш ҳуқуқига эга.

 

II. Фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш бўйича шартномани расмийлаштириш

 

5. Тадбиркорлик субъектлари фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш учун туман (шаҳар) тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатувчи ягона марказларга (кейинги ўринларда «ягона дарча» марказлари деб аталади) қонунчиликда белгиланган шакл бўйича давлат хизматлари кўрсатиш учун ариза билан белгиланган тартибда мурожаат қиладилар.

 

Аризага ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шакл бўйича техник шартларни олиш учун тадбиркорлик субъектининг газдан фойдаланадиган ускунасини характерловчи маълумотлар илова қилинади.

 

Тадбиркорлик субъектидан ушбу бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

 

6. «Ягона дарча» маркази ариза қабул қилинган кун мобайнида уни ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда газ таъминоти ташкилотига юборади.

 

7. Газ таъминоти ташкилоти «ягона дарча» марказидан ариза тушган кундан бошлаб 5 кун мобайнида:

 

тадбиркорлик субъектининг газдан фойдаланиш ускунасини газ тармоқларига улашнинг техник имкониятини жойига борган ҳолда ўрганади;

 

«ягона дарча» марказига тадбиркорлик субъекти номига расмийлаштирилган фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш бўйича шартномани беради.

 

8. «Ягона дарча» маркази газ таъминоти ташкилотидан фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш бўйича шартнома олингандан кейин 5 кун мобайнида тадбиркорлик субъекти томонидан ушбу шартнома тузилишини таъминлайди ва уни шартнома тарафларига бир нусхадан тақдим этади.

 

Тадбиркорлик субъекти кўрсатиб ўтилган муддат мобайнида «ягона дарча» марказига келмаганда ёки у фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш бўйича шартнома тузишни рад этганда «ягона дарча» маркази бир кун муддатда бу тўғрида газ таъминоти ташкилотини хабардор қилади.

 

9. Фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш бўйича шартнома белгиланган тартибда тасдиқланган намунавий шартнома асосида тузилади.

 

10. Фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш бўйича шартнома тузилгандан кейин тадбиркорлик субъекти (буюртмачи) газ таъминоти ташкилотига (пудратчига) шартномада кўрсатилган миқдорда аванс тўловини ўтказади.

 

Аванс тўловларининг тушиши фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш ишларини газ таъминоти ташкилоти томонидан бошлаш учун асос ҳисобланади.

 

III. Фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш ишларини ташкил этиш

 

11. Газ таъминоти ташкилоти аванс тўловлари тушган кундан бошлаб 10 кун мобайнида техник шартлар асосида газлаштириш лойиҳасини тайёрлайди ва уни келишиш учун туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бўлими (бошқармаси)га юборади.

 

12. Туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бўлими (бошқармаси) газлаштириш лойиҳаси тушган кундан бошлаб 5 кунгача бўлган муддатда уни келишади ёки газ таъминоти ташкилотига лойиҳани келишишнинг рад этилишини рад этишнинг асосланган сабабларини кўрсатган ҳолда «ягона дарча» марказига юборади.

 

Газлаштириш лойиҳасини келишишни унинг мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабларига кўра рад этишга йўл қўйилмайди.

 

Газлаштириш лойиҳасини келишишни рад этиш учун асос бўлган сабаблар газ таъминоти ташкилоти томонидан бартараф этилган тақдирда лойиҳани ваколатли органлар томонидан такрорий кўриб чиқиш лойиҳа олинган кундан бошлаб 3 кундан ошмайдиган муддатда амалга оширилади.

 

Газлаштириш лойиҳасини ваколатли органлар томонидан келишиш тўлов ундирилмасдан амалга оширилади.

 

13. Газлаштиришнинг келишилган лойиҳаси олингандан кейин газ таъминоти ташкилоти қурилиш-монтаж ишларини бажаришга киришади.

 

Қурилиш-монтаж ишларини бажариш шартномада назарда тутилган муддатларда амалга оширилади.

 

14. Қурилиш-монтаж ишлари тугагач газ таъминоти ташкилоти газни ҳисобга олиш приборини ўрнатади.

 

IV. Ишга тушириш-созлаш ва режим-созлаш ишларини амалга ошириш ҳамда газ етказиб бериш юзасидан шартнома тузиш

 

15. Газ таъминоти ташкилоти қурилиш-монтаж ишлари тугаган кундан бошлаб 5 кун мобайнида ишга тушириш-созлаш ва режим-созлаш ишларини ташкил қилади.

 

16. Газ қувурларида ва улардаги ускунада, янгидан қурилган, реконструкция қилинган ёки техник жиҳатдан қайта жиҳозланган газдан фойдаланиш ускунасида газ қувурларини ва газ хўжалигининг газ истеъмол қилувчи бошқа объектларини монтаж қилишга, таъмирлашга, ишга туширишга ва улардан фойдаланишга «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекциясининг рухсатномасига эга бўлган созлаш ташкилотлари томонидан бажариладиган ишга тушириш-созлаш ишлари амалга оширилиши керак.

 

17. Газдан фойдаланиш ускунасини ишга тушириш-созлаш ва режим-созлаш ишларининг тугалланиши тегишли далолатномалар билан расмийлаштирилади.

 

Ишларнинг натижалари бўйича техник ҳисобот тузилади, унда газдан фойдаланувчи ускунанинг турли иш режимларида газдан оқилона фойдаланишга, приборларни ҳамда хавфсизлик автоматикаси воситаларини созлашга, ёқилғини ёқиш жараёнларини, иссиқликни утилизация қилиш ва ёрдамчи ускуналарга ва буғқозонлар учун сув тайёрлаш тизимлари ускуналарини автоматик бошқаришга таъсир кўрсатадиган барча энергия самарадорлиги кўрсаткичлари акс эттирилади.

 

18. Бажарилган ишларнинг натижалари асосида созлаш ташкилоти тадбиркорлик субъекти томонидан тасдиқланадиган режим (технология) хариталарини беради.

 

19. Ишга тушириш-созлаш, режим-созлаш ишлари тугаллангач газ таъминоти ташкилоти бажарилган ишлар далолатномасини 3 кун мобайнида тузади ва уни бажарилган ишларни қабул қилиш учун тадбиркорлик субъектига юборади.

 

20. Қабул қилиш ишлари тугаллангандан кейин газ таъминоти ташкилоти тадбиркорлик субъектига қуйидаги ҳужжатларни бир нусхадан беради:

 

техник шартлар;

 

газлаштириш лойиҳаси;

 

газни ҳисобга олиш приборини текшириш ва пломбалаш далолатномаси;

 

қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ҳужжатлари;

 

газ етказиб бериш юзасидан шартнома.

 

21. Газ етказиб бериш юзасидан шартнома газ таъминоти ташкилоти билан тадбиркорлик субъекти ўртасида икки нусхада, ҳар қайси тараф учун бир нусхадан тузилади.

 

V. Якунловчи қоидалар

 

22. Фойдаланишга тайёр ҳолда газлаштириш ишлари ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

 

23. Газ етказиб бериш юзасидан шартнома тузмасдан газ етказиб беришни амалга ошириш тақиқланади.

 

24. Ушбу Низомнинг талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

Тадбиркорлик субъектларини газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

 

Техник шартларни олиш учун тадбиркорлик субъектининг газдан фойдаланиш ускунасини тавсифлайдиган

 

маълумотлар

 

1. Ҳисобланган қуввати

                   

м3

а

                     

2. Газдан фойдаланиш даври

                     

а

                     
 

3. Газдан фойдаланиш ускунасини фойдаланишга топшириш муддати

           
 

ой

йил

4. Ушбу маълумотларга қуйидагилар илова қилинади:

1.

                                                   

варақ

2.

                                                   

варақ

3.

                                                   

варақ

4.

                                                   

варақ

5.

                                                   

варақ

 

5. Мен ________________________________________________________________________

(тадбиркорлик субъектининг фамилияси, исми, отасининг исми)

_____________________________________________________________________________
барча тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқлайман.

 

________________________
имзо

 

Тадбиркорлик субъектларини газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

 

Тадбиркорлик субъектларини газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш

 

СХЕМАСИ

 

 

 

280-2-ILOVA 

 

 

 

 





<<  Асосий саҳифа