Авторизация
Сўровнома

Инспекцияга йўллаган мурожаатингиз ўрнатилган муддатда кўриб чиқилганми?

Category: Сўровнома, Total votes: 37



Orphus
Он-лайн фойдаланувчилар сони: 13

my.gov.uz
id.uz
чоп этиш print644

Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МAҲКАМАСИНИНГ  ҚАРОРИ

Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш ва соддалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

 

1. 2015 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа органлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан давлат бошқа органларида ва ўзга ташкилотларда  мавжуд бўлган ҳужжатларни ва ахборотларни, шу жумладан солиқ қарздорлиги ёки коммунал тўловлар буйича қарзларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларнинг, тадбиркорлик субъекти таъсис ҳужжатларининг, лицензиялар ва рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар нусхаларининг талаб қилиниши тақиқлансин.

 

2. Белгилаб қўйилсинки, 2015 йил 1 январдан бошлаб:

 

тадбиркорлик субъектларининг давлат хизматлари кўрсатиш юзасидан мурожаатлари мавжуд бўлганда ушбу давлат хизматларини кўрсатишда давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа органлар давлат бошқа органларида ва ташкилотларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатларни ва ахборотларни ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда оладилар;

 

тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотлар мавжуд бўлган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ушбу ҳужжатлар ва ахборотларни (архив маълумотномалари бундан мустасно) давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа органлардан тегишли идоралараро сўров олингандан вақтдан бошлаб бир иш куни мобайнида тақдим этишлари шарт;

 

давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотларнинг ушбу ҳужжатлар ва ахборотлар мавжуд бўлган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан идоралараро сўров бўйича тақдим этилмаслиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаслиги тадбиркорлик субъектига давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланмайди;

 

давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотларнинг тақдим этилмаганлиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаганлиги, шунингдек уларнинг тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органи ёки бошқа ташкилот томонидан олинмаганлиги учун айбдор бўлган тегишли мансабдор шахслар жавоб берадилар.

 

3.Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар бир ой муддатда улар томонидан давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган, ахборот ҳамкорлиги йўли билан олинадиган ҳужжатлар ва ахборотлар рўйхатини, ушбу ҳужжатлар ва ахборотларни тақдим этадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотларни кўрсатган ҳолда белгиласинлар ҳамда кўрсатиб ўтилган рўйхатни Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари Ягона порталида ва ўзларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирсинлар.

 

Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига ушбу банднинг биринчи хат бошида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ва ахборотлар рўйхати ўзларининг расмий веб-сайтларида ўз вақтида жойлаштирилиши ва мунтазам равишда янгилаб борилиши юзасидан шахсий масъулият юклансин.

 

4. Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат кўмитаси Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишда идоралараро ахборот ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

 

5. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Палата томонидан тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ушбу қарорнинг бажарилиши ва сифати юзасидан доимий мониторингни амалга ошириш, мониторинг натижаларини тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини, шу жумладан сансалорлик, бюрократизм ва давлат хизматлари кўрсатиш муддатларини чўзиб юбориш ҳолатларига йўл қўймасликни назарда тутган ҳолда янада такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда фойдаланиш учун ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

 

6. 2015 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

 

7. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган  норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

 

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат килиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.

 

 

 Ўзбекистон Республикасининг  Бош вазири  Ш.Мирзиёев

 

Тошкент ш.

 “31“ декабрь 2014 й.,

№ 377

                                                                                                               

 





<<  Асосий саҳифа