Авторизация
Сўровнома

Инспекцияга йўллаган мурожаатингиз ўрнатилган муддатда кўриб чиқилганми?

Category: Сўровнома, Total votes: 44



Orphus
Он-лайн фойдаланувчилар сони: 3

my.gov.uz
id.uz
чоп этиш print4397

Реактив қувват компенсацияси бўйича ишларни ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом

 

ЭЛЕКТР ЭНЕРГЕТИКАДА НАЗОРАТ БЎЙИЧА ДАВЛАТ ИНСПЕКЦИЯСИ «ЎЗДАВЭНЕРГОНАЗОРАТ» БОШЛИҒИНИНГ

буйруғи

 

РЕАКТИВ ҚУВВАТ КОМПЕНСАЦИЯСИ БЎЙИЧА ИШЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

  [Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил
10 октябрда 1864-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 1 мартдаги 96-сонли қарори билан тасдиқланган «Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси («Ўздавэнергоназорат» инспекцияси) тўғрисида»ги низомга асосан буюраман:

 

1. Реактив қувват компенсацияси бўйича ишларни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгач кучга киради.

 

 

«Ўздавэнергоназорат» инспекцияси бошлиғи Б. ҒУЛОМОВ

 

Тошкент ш.,

2008 йил 9 сентябрь,

168-сон

 


 

 

 

«Ўздавэнергоназорат» инспекцияси бошлиғининг 2008 йил 9 сентябрдаги 168-сон буйруғи билан
ТАСДИҚЛАНГАН

 

Реактив қувват компенсацияси бўйича ишларни ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 1 мартдаги 96-сон қарори билан тасдиқланган «Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси тўғрисида»ги низомга мувофиқ, электр энергиясини электр тармоқлари бўйлаб узатишда технологик сарфларни камайтириш ҳамда реактив қувват компенсацияси бўйича ишларни ташкил этиш тартибини белгилайди.

 

1-§. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалар ва атамалар қўлланилади:

актив қувват — фойдали иш бажариш учун ишлаб чиқариладиган ва истеъмол қилинадиган қувват (ўлчов бирлиги: Вт — ватт, кВт — киловатт, мВт — мегаватт);

актив юклама режими — электр қабул қилгични фақат актив қувват ва энергия истеъмол қилиб ишловчи режими;

асинхрон юритгич — роторнинг айланиш тезлиги статор майдони айланиш тезлигидан фарқланадиган машина;

асинхрон юритма — асинхрон юритгичли юритма машина сифатида фойдаланиладиган электр ускуналар мажмуаси;

истеъмолчи — тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар (саноат корхоналари ва уларга тенглаштирилган электр энергияси истеъмолчилари) ва жисмоний шахслар;

контакт соатлар — реактив қувват манбаларини (конденсатор қурилмаларини) автоматик ростлашда қўлланиладиган иккиламчи электр соатлари;

кумулятив харажатлар — капитал қурилишга бир йўла киритиладиган капитал маблағларда (қурилиш муддати 1 йилгача бўлганда) ва доимий ҳар йиллик эксплуатация сарфларида келтирилган йиллик жамланма харажатлар;

максимал реактив қувват — узоқ вақт ўзгармайдиган реактив юклама бўлиб, у ўзининг энг оғир иссиқлик таъсирига кўра, яъни максимал ҳарорати ёки изоляциянинг иссиқлик емирилиши бўйича кутилаётган ўзгарувчан реактив юкламага эквивалентдир;

максимал юкламали соатлар — истеъмолчиларни электр таъминоти тизимидан электр энергиясининг максимал қийматини фойдаланиш вақт оралиғидаги соатлар;

номинал қувват — қурилмани эксплуатация қилишда ва синашда четга оғишларни ҳисоблаш учун дастлабки қиймат деб ҳисобланувчи, электр техник қурилмани ишлаб чиқарувчи завод томонидан кўрсатилган қувват;

носимметрик ва носинусоидал режимлар — электр тармоқларида носимметрик юкламалар мавжуд бўлганда ҳамда тармоқнинг айрим элементлари тўлиқ бўлмаган фаза режими билан ишлаганда ва фаза параметрларида фарқланишлар юзага келгандаги режимлар, шунингдек, электр тизими кучланиши ва токлари эгри чизиғининг носинусоидал шаклга келишига сабаб бўлувчи ночизиқли юкламларнинг кам инертлиги;

реактив қувват — электромагнит майдонларни ҳосил қилиш учун ишлаб чиқариладиган ва истеъмол қилинадиган қувват (ўлчов бирлиги: ВАр — вар, кВАр — киловар, мВАр — мегавар);

реактив қувват компенсацияси — электр тизимига уланган электр станциялари генераторлари томонидан ишлаб чиқарилаётган реактив қувват катталиги ва истеъмол қилинаётган реактив қувват катталиги ўртасидаги балансни таъминланиши;

реактив қувватнинг амалдаги қиймати графиги — реактив қувватнинг ўртача катталигини маълум вақт оралиғида ўзгаришини кўрсатувчи график;

реактив энергия — электромагнит майдонларини ҳосил қилиш учун ишлаб чиқариладиган ва истеъмол қилинадиган энергия (ўлчов бирлиги: ВАр*с — вар*соат, кВАр*с — киловар*соат, мВАр*с — мегавар*соат);

салт юриш — электр машиналарини электр юкламасиз ишлаши;

синхрон юритгич — роторнинг айланиш тезлиги статор майдони айланиш тезлигига тенг бўлган машина;

синхрон юритма — синхрон юритгичли юритма машина сифатида фойдаланиладиган электр ускуналар мажмуаси;

электр таъминоти шартномаси — энергия таъминоти ташкилоти билан истеъмолчи ўртасида тузилган электр энергиясидан фойдаланишга оид муносабатларни белгиловчи келишув.

 

2. Мазкур Низом талаблари истеъмолчилар, энергия таъминоти ташкилотлари ҳамда янги, кенгайтирилаётган ва реконструкция қилинаётган корхоналарнинг электр ускуналарини лойиҳалаштирувчи ташкилотлари учун (ҳар бир киришида ҳисобланган актив қуввати 250 kW дан кам бўлган истеъмолчилар бундан мустасно) қўлланилади.

 

3. Низом 1000 V гача ва ундан юқори кучланишли саноат корхоналарининг электр тармоқларидаги компенсацияловчи қурилмаларнинг тури, қуввати, уланиш жойи ва ишлаш режимини танлаш масалаларини ўз ичига олади.

 

4. Реактив қувват ва энергияни компенсацияловчи қурилмаларнинг (бундан кейинги матнда компенсацияловчи қурилмалар деб юритилади) ҳисоб-китоби мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ ҳисоб-китоблар услубиёти асосида амалга оширилади.

 

5. Мазкур Низом электр тармоқларидаги реактив қувват ўзгарувчан токининг асосий частотасини тўғри кетма-кетлик режими учун компенсация қилиш масалаларини қамраб олади. Мазкур Низомнинг қоидалари алоҳида ўзига хос ва линияли бўлмаган электр юкламаларига эга бўлган электр тармоқларида кузатиладиган носимметрик ва носинусоидал режимлар ҳамда кескин ўзгарувчан юкламали электр тармоқларининг ишлаш режимига нисбатан қўлланилмайди.

 

6. Кумулятив (умумий) харажатларнинг миқдорини аниқлашда уларнинг минимал қийматидан келиб чиққан ҳолда қуйидагилар ҳисобга олиниши лозим:

қўшимча ускуналар — коммутация аппаратлари, ростлаш қурилмаларнинг компенсацияловчи қурилмаларини ўрнатиш харажатлари;

ток юкламаларининг камайиши билан боғлиқ бўлган трансформатор подстанциялари ускуналарининг қиймати ҳамда таъминловчи ва тақсимловчи тармоқ иншоотлари қийматининг камайиши;

таъминловчи ва тақсимловчи тармоқларда электр энергия йўқотишларини камайтирилиши;

энергия тизимининг энг юқори юкламасида актив қувват йўқотишларининг камайиши;

компенсация воситалари ёрдамида ток юкламаларини камайиши оқибатида таъминловчи ва тақсимловчи тармоқларда реактив қувват йўқотишларининг камайиши.

 

7. Компенсацияловчи қурилмаларни танлашга қўйиладиган техник талаблар қуйидагиларни таъминлаши лозим:

электр тармоғидаги кучланишнинг йўл қўйиладиган режими;

унинг барча элементларига йўл қўйиладиган ток юкламалари;

реактив қувват манбаларининг йўл қўйиладиган чегаралардаги ишлаш режими;

электр қабул қилгичлар ишлашининг статик ва динамик барқарорлиги.

Энг катта юкламалар режими учун мавжуд компенсацияловчи қурилмалардан фойдаланишда энергия таъминоти ташкилотининг тармоқларидан белгиланган реактив қувватдан фойдаланиш бўйича талабларнинг бажарилиши, реактив қувват йўқотишларини ҳисобга олган ҳолда, максимал реактив юкламанинг баланс ҳисоб-китобларини тузиш йўли билан баҳоланиши лозим.

 

8. Истеъмолчиларнинг электр ускуналарини лозим миқдорда компенсацияловчи қурилмаларни ўрнатмасдан энергия таъминоти ташкилотининг тармоқларига уланиш тақиқланади. Компенсацияловчи қурилмаларнинг қуввати ва миқдори электр таъминоти лойиҳаси билан аниқланади.

 

9. Эксплуатация қилиш жараёнида компенсацияловчи қурилмалардан тежамкорлик билан фойдаланиш учун улар генерация қилинадиган қувватни автоматик ростлаш қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.

 

10. Реактив қувват компенсациясининг мақбул даражасини таъминлаш бўйича энергия таъминоти ташкилоти ва истеъмолчиларнинг жавобгарлиги белгиланган тартибда тузилган электр таъминоти шартномаси билан белгиланади.

 

11. «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси истеъмолчиларнинг электр ускуналарида реактив қувват компенсациясининг мақбул даражаси таъминланиши юзасидан назоратни амалга оширади.

 

2-§. Истеъмолчилар электр таъминоти тизимларининг компенсацияловчи қурилмаларини танлаш

 

12. Электр ускуналарини танлашда реактив қувват истеъмолини камайтириш бўйича қуйидаги чора-тадбирлар ҳисобга олиниши лозим:

юкламаси асосланмаган ҳолда камайтирилган электр юритгичлари ва трансформаторларнинг танланишига йўл қўймаслик;

доимий иш режимига эга бўлган ростланмайдиган электр юритгичлар учун, техникавий ва иқтисодий шартлардан келиб чиқиб, синхрон юритгичларни танлаш;

технологик жараённинг шароитларидан келиб чиқиб уларни қўллаш имкониятидан аниқланадиган асинхрон юритгичларнинг салт юришини чеклаш бўйича чора-тадбирларни режалаштириш;

реактив қувватнинг истеъмол ва генерация қилинишига таъсир этиш йўли билан электр таъминоти тизимининг техник-иқтисодий кўрсаткичларининг ошишини таъминловчи бошқа техникавий воситалардан фойдаланиш.

 

13. Компенсацияловчи қурилмаларнинг ҳисоб-китоби, юкламанинг ўсиб бориш динамикаси ва электр тармоқларининг босқичма-босқич ривожланишини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш лозим. Ҳар бир босқич учун компенсацияловчи қурилмаларнинг қуввати ва ўрнатиш жойи, ростлаш зарурияти ҳамда ростлаш параметрлари аниқланади.

Кумулятив харажатлар катталикларида ҳисоб-китоблар аниқлиги чегараси ва дастлабки маълумотлар бўйича вариантлар доирасида фарқланишлар бўлганда, техник кўрсаткичларининг (схеманинг истиқболли бўлиши, эксплуатация қилиш қулайлиги, материал ва ускуналарнинг сарфи) энг яхши варианти қабул қилинади.

 

14. Компенсацияловчи қурилмалар қувватининг ҳисоб-китоби энергия таъминоти ташкилоти томонидан берилган техник шартларга мувофиқ амалга оширилади. Ҳисоб-китоб қилишда, 0,38-6-10 kVли тармоқлардан таъминланадиган истеъмолчилардаги қувватнинг ўртача олинган коэффициентини норматив кўрсаткичларидан келиб чиққан норматив усулдан фойдаланилади.

 

15. Компенсацияловчи қурилмаларнинг танланиши реактив қувватнинг қуйидаги қийматлари бўйича «Ўзбекэнерго» давлат-акциядорлик компанияси томонидан белгиланган тартибда тайёрланган, электр тармоқларида реактив қувват компенсацияси ҳисоблаб чиқилган тизимли ҳисоб-китоб маълумотлари асосида амалга оширилади:

унинг боғламаларидаги реактив қувватнинг иқтисодий кўрсаткичларини ҳисоб-китоб қилишда энергия тизимининг максимал актив юклама режимида;

энергия тизими ишлашининг мақбул режимларини ҳисоб-китоб қилишда энергия тизимининг энг кам актив юклама режимида;

энергия тизимининг авариядан кейинги ишлаш режимларига хос режимларда унинг боғламаларида кучланиш даражаларини ҳисоблаб чиқишда.

Компенсацияловчи қурилмаларни танлашда:

тармоқнинг элементларида реактив қувват йўқотишлари ва ҳаво линиялари, ток ўтказгичлари ва номинал кучланиши 10 kV дан юқори бўлган кабел линиялари, шунингдек катта (5 км.дан ортиқ) масофага тортилган 6 — 10 kV кабел линиялари томонидан генерация қилинадиган реактив қувватни ҳисобга олиш;

маҳаллий электр станцияларининг ва 6 — 10 kV ҳамда 1000 V гача кучланишли тармоқлар учун синхрон юритгичларнинг генераторларини реактив қувватидан фойдаланишнинг керакли даражасини белгилаш;

компенсация даражасини оширишда тармоқ элементларининг ўтказувчанлик қобилиятини камайтириш (трансформаторларнинг сони ва қувватини камайтириш, симлар ва кабелларнинг кесимини кичрайтириш) имкониятини аниқлаш зарур.

 

16. Конденсатор қурилмаларини 6 — 10 kV ва 1000 V гача бўлган кучланишли тармоқлар ўртасида тақсимлаш техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида амалга оширилиши лозим.

Трансформаторларининг уланган жамлама қуввати 750 kVA дан кам бўлган саноат корхоналари учун компенсацияловчи қурилмаларнинг қуввати бевосита энергия таъминоти ташкилотлари томонидан белгилаб берилади ва электр таъминотини ҳисоблаб чиқишда мажбурий бўлиб ҳисобланади.

 

17. Реактив қувватнинг балансини тузишда, кучланишни статик тавсифларга мувофиқ ростланишида реактив қувват истеъмолининг ўзгаришини ҳисобга олиш лозим.

 

3-§. Реактив қувватни компенсациялаш ва компенсацияловчи ускуналарни эксплуатация қилиш бўйича истеъмолчилар билан ишлашни ташкил этиш

 

18. Электр таъминоти шартномасида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

электр тармоғининг максимал юкламали соатларида энергия тизимининг тармоқларидан бир ойда истеъмол қилинадиган реактив энергиянинг иқтисодий кўрсаткичи;

электр тармоқларининг максимал юкламали соатларида энергия тизимининг тармоқларидан истеъмол қилинган 30 дақиқали реактив қувватнинг иқтисодий кўрсаткичи.

 

19. Электр тармоқларининг максимал юкламали соатларидаги максимал реактив қувват бўйича ҳисоб-китоб қиладиган турли тариф гуруҳларидаги истеъмолчилар учун реактив энергия ва реактив қувватнинг иқтисодий ва техникавий кўрсаткичлари мазкур Низомнинг иловасида келтирилган формулаларга мувофиқ аниқланади.

 

20. Электр ускуналарини эксплуатация қилишда реактив қувват истеъмолини камайтирувчи қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши керак:

технологик жараённинг энергия тизимини энг катта актив юкламаларида реактив юклама истеъмолини камайишига олиб келувчи режимни белгилаш;

асинхрон юритгичлар, пайвандлаш трансформаторлари ва бошқа электр ускуналарнинг уларга салт юриш чеклагичларини жорий этиш йўли билан камайтириш;

агар тармоқнинг ва электр ускуналарининг ишлаш режими шароитлари бўйича йўл қўйилса, кам юкламалар даврида номинал қувватининг 30 фоизидан кам бўлмаган юкланадиган трансформаторларни алмаштириш ёки ўчириб қўйиш;

60 фоиздан кам бўлмаган юкланадиган асинхрон юритгичларни техник-иқтисодий асосланиш ва қуввати камроқ бўлган юритгичларга алмаштириш, бунда алмаштиришнинг амалий имконияти бўлиши шарт;

электр юритманинг ишлаш шартлари бўйича йўл қўйилиши мумкин бўлган режимдан келиб чиққан ҳолда, агар улар эскириши, технологик жараённинг ўзгариши оқибатида демонтаж қилиниши керак бўлса ёки улардан реактив юкламаларнинг сунъий компенсацияга муҳтож бўлмаган бошқа қурилмаларда фойдаланиш зарур бўлса, ҳамда бундай алмаштириш техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар билан асослаб берилганда, асинхрон юритгичларни синхрон юритгичларга алмаштириш.

Компенсацияловчи қурилмаларнинг ишлаши устидан доимий назорат таъминланиши лозим. Бунинг учун йилида камида икки марта қуйидагилар назорат қилинади:

компенсацияловчи қурилмаларнинг ихтиёридаги реактив қувват;

компенсация воситалари қувватининг автоматик бошқариш ва ростлаш қурилмаларини мавжудлиги ҳамда уларнинг ишлаши, ушбу воситаларни ўрнатиш жойларининг тўғри танланганлиги.

 

21. Истеъмолчи энергия таъминоти ташкилоти билан биргаликда реактив қувват ва энергиянинг қийматини ҳисоблаб чиқади ва кейинчалик бу қийматларни электр таъминоти шартномасига киритади. Мазкур Низом иловасининг 3-жадвалида истеъмол қилинган реактив қувват ва энергиянинг иқтисодий қийматларини тўлдириш шакли келтирилган.

 

22. Юкламалар электр таъминоти шартномасида қабул қилинган қийматларга нисбатан ўзгарганда, реактив қувват манбаларининг ишлаш режимига реактив юкламаларга белгиланган тартибда тузатишлар киритилиши лозим.

 

4-§. Реактив қувватни компенсация қилиш чораларининг бажарилиши устидан назорат

 

23. Истеъмол қилинадиган ёки электр энергияси истеъмолчилари томонидан энергия тизими тармоқларига узатиладиган реактив қувват катталигини назорат қилиш электр таъминоти шартномасига мувофиқ электр таъминоти ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

 

24. Назорат қилинадиган катталикларга куйидагилар киради:

энергия тизимининг энг катта актив юкламали даврида ярим соатлик интервал давомида истеъмол қилинадиган реактив қувватнинг энг катта қиймати;

энергия тизимининг энг кичик актив юкламали даврида истеъмол қилинадиган ёки энергия тизимининг тармоқларига узатиладиган реактив қувват.

 

25. Энг катта ва энг кичик юкламали даврлар ҳамда компенсацияловчи қурилмаларнинг ишлаш режими энергия таъминоти ташкилоти томонидан белгилаб берилади ва электр таъминоти шартномаси билан белгиланади. Ўрнатилган қувватнинг қиймати ва компенсацияловчи қурилмаларнинг ишлаш режими белгиланган шаклдаги жадвалга (мазкур Низомга илованинг 4-жадвали) киритилади.

 

26. Энг катта юкламали соатларда энергия тизими тармоқларидан истеъмолчининг тармоқларига узатиладиган энг катта реактив қувватни назорат қилиш учун электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган ахборот-ўлчов тизимларидан ва 30 дақиқалик максимум юкламаларни кўрсатувчи ҳамда контакт соатларига эга бўлган махсус реактив энергия ҳисоблагичларидан фойдаланилади. Катта (кичик) юкламалар даврида энергия тизимидан истеъмол қилинадиган (энергия тизимига узатиладиган) реактив энергияни назорат қилиш учун электрон ҳисоблагичлардан фойдаланилади. Бунда электрон ҳисоблагичлар қуйидаги катталикларни алоҳида ҳисобга олиш имконига эга бўлишлари керак:

а) максимал юкламали соатларда реактив энергиянинг қабул қилиниши;

б) минимал юкламали соатларда реактив энергиянинг қабул қилиниши;

в) максимал юкламали соатларда реактив энергиянинг қайтариб берилиши;

г) минимал юкламали соатларда реактив энергиянинг қайтариб берилиши.

30 дақиқалик максимум юкламаларни кўрсатувчи ва контакт соатларига эга бўлган махсус реактив энергия ҳисоблагичлари бўлмаган тақдирда, истеъмолчи томонидан истеъмол қилинган ёки энергия тизими тармоғига узатиладиган реактив қувватни ҳисобга олиш актив энергия ҳисоблагичининг кўрсатмалари бўйича амалга оширилади. Бунда ҳисоблагичларнинг энергия тизимининг максимал юкламали соатларидаги 30 дақиқалик кўрсатмалари ва энергия тизимини энг кичик актив юкламали даврининг боши ва охиридаги кўрсатмалари ёзиб олинади.

 

27. Истеъмолчилар томонидан реактив қувват ва энергияни компенсация қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши юзасидан энергия таъминоти ташкилоти томонидан ва «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси томонидан ўтказиладиган назоратларда электр энергияси ва актив энергияни йўқотишлари қийматининг техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари якунловчи харажатлар бўйича аниқланади.

 

28. Реактив энергия (қувват) компенсацияси учун амалдаги тарифга чегирмалар (устамалар) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 27 январдаги 32-сон қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»га мувофиқ амалга оширилади.

 

5-§. Якуний қоидалар

 

29. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, «Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компанияси, «Ўзкимёсаноат» Давлат акциядорлик компанияси ва «Средазэнергосетьпроект» ОАЖ билан келишилган.

 

 

Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг раиси в.б. Б. УЛАШОВ

Тошкент ш.,

2008 йил 8 сентябрь

«Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компанияси Бошқарувининг раиси
Б. ТЕШАБОЕВ

Тошкент ш.,

2008 йил 22 август

«Ўзкимёсаноат» Давлат акциядорлик компанияси Бошқарувининг раиси
Г. ИБРАГИМОВ

Тошкент ш.,

2008 йил 3 сентябрь

«Средазэнергосетьпроект» ОАЖ Бошқарувининг раиси
Д. КУЛЬБАЦКИЙ

Тошкент ш.,

2008 йил 29 август

 

 

 

 

 

 

 





<<  Асосий саҳифа