Авторизация
Сўровнома

Инспекцияга йўллаган мурожаатингиз ўрнатилган муддатда кўриб чиқилганми?

Category: Сўровнома, Total votes: 37



Orphus
Он-лайн фойдаланувчилар сони: 16

my.gov.uz
id.uz
чоп этиш print2279

Электр билан иситиш мақсадида электр энергиясидан фойдаланишни келишиш тартиби тўғрисида Низом

 

«Ўздавэнергоназорат» инспекциясининг
2008 йил 30 январдаги 10-сон буйруғи билан
ТАСДИҚЛАНГАН

 

Электр билан иситиш мақсадида электр энергиясидан фойдаланишни келишиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 29 апрелдаги 210-сон «Собиқ ССР Иттифоқининг қонунга оид ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори, 2004 йил 1 мартдаги 96-сон қарори билан тасдиқланган «Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси («Ўздавэнергоназорат» инспекцияси) тўғрисидаги низом»га (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил, 9 сон, 105-модда) ва 2005 йил 27 январдаги 32-сон қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»га (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 йил, 3-4 сон, 26-модда) мувофиқ, ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш борасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида технологик жараёнларда ҳамда уйларни иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун электр энергиясидан фойдаланилишини келишиш тартибини белгилайди.

 

1 §. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом янги ишга туширилаётган ва ишлаётган объектларда иситиш мақсадида электр энергиясидан фойдаланувчи тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва электр энергияси истеъмолчилари бўлиб ҳисобланувчи юридик ҳамда жисмоний шахсларга тааллуқлидир.

 

2. Истеъмолчилар ўз объектларида электр қозонлари ва бошқа электр иситиш асбобларини (бундан кейин матнда электр иситиш асбоблари деб юритилади) ўрнатишда лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларини бошлашдан олдин электр энергиядан фойдаланилишини Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси «Ўздавэнергоназорат»да (бундан кейин матнда «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси деб юритилади) ва унинг ҳудудий бўлимларида келишиши лозим.

 

3. Тижорат ва ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланиладиган электр иситиш асбоблари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сертификатлаштириш органлари томонидан мажбурий тартибда сертификатлаштирилади.

 

2 §. Электр иситиш асбобларидан фойдаланишда электр энергияси қўлланилишини келишиш тартиби ва келишиш учун керакли ҳужжатлар

 

4. Электр иситиш асбобларидан фойдаланишда электр энергияси қўлланилишини келишиш учун аризачи «Ўздавэнергоназорат» инспекциясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

электр иситиш асбобларини ўрнатиш зарурлиги тўғрисида ариза;

электр иситишнинг қўлланиши учун мазкур Низомда кўзда тутилган ҳолларда техник-иқтисодий асосланиш;

паспорт маълумотлари: номи, тури, қуввати, ишлаб чиқарувчи заводни кўрсатган ҳолда ўрнатилиши мўлжалланаётган электр иситиш асбобларининг рўйхати;

мувофиқлик сертификати;

энергия тизимининг энг катта юкламали соатларида электро-термик ускунанинг юкламаси камайишини таъминловчи чора-тадбирларнинг рўйхати, унда юкламанинг камайтирилаётган миқдори, юклама камайишини назорат қилувчи асбоблар ва ускуналар кўрсатилиши лозим. Кўрсатилган чора-тадбирларни ўтказишдан бош тортиш техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар билан асослаб берилиши керак.

 

5. «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси мазкур Низом билан белгилаб берилмаган қўшимча ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

 

6. Тақдим этилган ҳужжатлар тўплами ҳужжатлар ҳажмига боғлиқ равишда олинган кунидан бошлаб етти кундан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

 

7. Қабул қилинган қарор ҳақидаги хабарнома аризачига уч кун ичида ёзма равишда топширилади, бунда электр иситиш асбобларини ўрнатишда электр энергияси қўлланилишини келишиш юзасидан рад жавоби бериладиган бўлса, рад жавобининг асосланган сабаби ҳам кўрсатилиши лозим.

 

Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда илгари аризачига ёзма равишда баён қилинмаган янги камчиликлар билдирилишига йўл қўйилмайди.

 

3 §. Электр иситиш асбобларидан технологик мақсадларда фойдаланишда электр энергияси қўлланилишини келишиш тартиби

 

8. Мазкур Низомнинг 15-бандида кўрсатилганлардан ташқари электр иситиш асбобларидан технологик мақсадларда фойдаланилганда, электр энергиясини қўлланилиши келишилиши лозим:

бир донасининг қуввати 1000 kW гача бўлган электр иситиш асбоблари учун «Ўздавэнергоназорат» инспекциясининг ҳудудий бўлимларида;

бир донасининг қуввати 1000 kW ва ундан ортиқ бўлган электр иситиш асбоблари учун «Ўздавэнергоназорат» инспекциясида.

 

9. Электр иситиш асбобларидан технологик мақсадларда фойдаланиш учун электр энергияси қўлланилишини келишиш учун электр энергияси истеъмолчилари мазкур Низомнинг 2-параграфида белгиланган ҳужжатлардан ташқари энергия ташувчи сифатида электр энергияси қўлланишининг заруриятини ва уни иситишнинг бошқа (оловли печлар, буғли иситиш, иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланиш) усулига алмаштириш мумкин эмаслигини ёки техник-иқтисодий жиҳатдан мақсадга номувофиқлигини асослаб берувчи ҳужжатларни тақдим этишлари лозим, хусусан:

а) электр билан иситиш танланганлигини техник-иқтисодий асоси (бундан кейин матнда ТИА деб юритилади);

б) электротермик технологиянинг турлари рўйхатини белгилаб берувчи лойиҳа ёки лойиҳавий топшириқнинг технологик қисмидан кўчирма (қора ва рангли металларни эритиш, металл, маҳсулотлар ва ашёларга термик ишлов бериш, бетонни қиздириш, идишлардаги суюлтирилган газни иситиш, овқат тайёрлаш).

 

4 §. Қишлоқ хўжалик технологик жараёнлари учун электр иситиш асбобларидан фойдаланишда электр энергияси қўлланилишини келишиш

 

10. Қуйидаги ҳолларда ТИАни тақдим этган ҳолда қишлоқ хўжалигида иссиқлик таъминоти билан боғлиқ бўлган технологик жараёнларга электр иситиш асбоблари учун электр энергияси қўлланилишини келишиш шарт:

ёш чорва моллари ва жўжаларни боқиш учун хоналарда микроиқлимни яратишда;

емларни ивитиш, сутли идишларни буғлатиш учун сувни иситиш ҳамда буғ олишда;

мевалар, сабзавотлар ва уруғлик донларни сақлаш омборларида керакли ҳароратни ушлаб туришда.

 

11. Қуйидаги ҳолларда ТИАни тақдим этмаган ҳолда келишиш амалга оширилади:

жўжалар инкубацияси ва маҳаллий иситишда;

ёш чорва молларини нурлантириш ва маҳаллий иситишда;

битта жойда ўзаро боғланган ёки алоҳида чорвачилик, паррандачилик комплекслари ёки бошқа объектларни ташкил этувчи чорва молларини ва паррандаларни сақлаш хоналарида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш омборларида, электр иситиш асбобларининг ўрнатилган умумий қуввати 400 kW дан юқори бўлганда кирувчи ҳавони иситишда;

электр иситиш асбобларининг ўрнатилган умумий қуввати 30 kW дан юқори бўлганда мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, дўконлар, поликлиникалар, дорихоналар ва бошқа ишлаб чиқариш ҳамда ноишлаб чиқариш объектларини электр иситиш асбоблари билан иситишда;

истеъмолчилар томонидан иссиқлик манбаидан 600 m ва ундан ортиқ масофада жойлашган, умумий майдони 100 m2 дан ошмайдиган ишлаб чиқаришга мўлжалланган хоналарни (маиший вагончалар, устахоналар, ветеринария-санитария ўтиш жойлари, омборлар бинолари, артезиан қудуқлари, тозалаш иншоотлари, ёқилғи қуйиш станциялари) иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун ўрнатилган умумий қуввати 20 kW дан ошмайдиган (суғориш станцияларида 30 kW дан ошмайдиган) электр иситиш асбобларидан фойдаланишда.

12. Қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқаришларда электр иситиш асбоблари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергияси ҳажми электр энергияси истеъмолчиси ва электр таъминоти ташкилоти ўртасидаги энергия таъминоти шартномасида келишилган умумий ҳажмига киритилади.

 

5 §. Овқат тайёрлаш учун турғун электр плиталарини ўрнатиш учун электр энергиясидан фойдаланилишини келишиш

 

13. Қурилиш нормалари ва қоидалари билан газда овқат тайёрлаш рухсат этилмаган ҳоллардан ташқари, умумий овқатланиш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналари мавжуд бўлган турар жойларда овқат тайёрлаш учун электр плиталари ва тижорат мақсадларида ишлатиладиган бошқа электр иситиш асбобларини ўрнатишда электр энергияси қўлланилишини келишиш лозим.

 

6 §. Электр иситиш асбобларидан хоналарни иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун фойдаланилганда электр энергияси қўлланилишини келишиш

 

14. Қуйидаги ҳолларда хоналарни иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун электр энергияси қўлланилишини келишиш зарур:

ТИА мавжуд бўлганда, бирламчи ёқилғини тежаш учун қуввати 10 kW гача электр иситиш асбоблари ўрнатилганда;

қурилиш объектларида маиший вагончаларни, турли киосклар, павильонлар, дўконларни ва бошқа майда истеъмолчиларни ҳамда тортиш подстанциялари ва электрлаштирилган темир йўл объектларини, ўрнатилган қувватидан қатъи назар, иситишда;

ўрнатилган қувватидан қатъи назар, «Қиш-ёз» туридаги кондиционерлар ўрнатилганда ва улардан тижорат мақсадларида иситиш учун фойдаланилганда;

барча истеъмолчиларга қуввати 10 kW дан юқори бўлган электр иситиш асбоблари ўрнатилганда.

 

15. Қуйидагиларни иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун келишиш талаб этилмайди:

ўрнатилган қуввати 30 kW гача бўлган бир вақтда ишлайдиган электр иситиш асбобларига доимий хизмат кўрсатувчи ходимларсиз ишлайдиган ва иссиқлик манбаларидан 600 m ва ундан кўпроқ масофада жойлашган сув таъминоти, суғориш, оқованинг майда насос станцияларини;

ўрнатилган қуввати 300 kW гача бўлган электр иситиш асбобларига эга радио, телевидение станциялари ва космик алоқа станцияларини, ўрнатилган қуввати 25 kW гача бўлган электр иситиш асбобларига эга радиореле ва кабел тармоқларининг оралиқ станцияларини;

ҳар бир подстанцияда электр иситиш асбобларининг қуввати 1000 kW гача бўлган 110 kW кучланишли подстанцияларнинг ишлаб чиқариш хоналарини;

уланган қувватидан, идоравий бўйсуниши ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, қуруқ буғ олиш учун (сауна) ҳаммомларни;

ҳар пунктида ўрнатилган қуввати 10 kW ва ундан ортиқ бўлган электр иситиш асбобларига эга темир йўлда бир изни бошқа изга ўтказишни масофадан бошқаришни;

вентиляция оқими тизимлари томонидан t = +50 узатиладиган ташқи ҳавони иситиш учун қўлланиладиган, ўрнатилган қуввати 10 kW гача бўлган электр калориферларни ўрнатишда жамоат биноларини иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун электр иситиш асбобларидан фойдаланилганда электр энергияси қўлланилишини.

 

16. Иссиқ сув олиш учун фойдаланиладиган электр иситиш асбоблари бутун йил давомида ишлатиладиган қуёшли иссиқ сув таъминоти тармоқларига, гелиотизимлар томонидан таъминланмайдиган қўшимча иссиқ сув ҳажмлари зарурлигини тасдиқловчи техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар мавжуд бўлганда, фақат захира манбалари сифатида уланиши ва фойдаланилиши мумкин.

 

7 §. Электр иситиш асбобларига қўйиладиган талаблар

 

17. Ўрнатилган қуввати 10 kW дан юқори бўлган электр иситиш асбоблари иссиқлик аккумуляторлари билан жиҳозланиши ва энергетика тизимининг энг кам юкламали соатларида ишга туширилиши лозим.

Автоматик қурилмали мазкур иссиқлик аккумуляторларидан фойдаланишни рад этиш ҳар бир алоҳида ҳолатда техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар билан асослаб берилиши лозим.

 

18. Электр иситиш асбобларидан фойдаланилганда, уларни энергетика тизимининг эрталабки ва кечки энг кўп юкламали соатларида тармоққа уланишига йўл қўймайдиган автоматик қурилмалар кўзда тутилган бўлиши керак, истеъмолчини, ишлаб турган иссиқлик тармоқларидан 600 m ва ундан узоқроқ масофада жойлашган объектида иситиш мақсадида қуввати 2 kW гача бўлган битта иситиш асбобидан фойдаланиладиган ҳоллар бундан мустасно.

 

19. Электр иситиш асбоблари уланганда, энергия истеъмолининг ҳисобини алоҳида олиб бориш учун электр энергиясини ҳисобга олиш тизими кўзда тутилган бўлиши керак.

 

20. Фойдаланиши келишилган электр иситиш асбоблари ва уларнинг келувчи симлари Электр ускуналарининг тузилиши қоидаларига, Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидаларига (2004 йил 9 июль, рўйхат рақами 1383 — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил, 27-сон, 317-модда) ва Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига (2004 йил 20 август, рўйхат рақами 1400 — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил, 33-сон, 379-модда) талабларига ҳамда мазкур Низомда баён этилган талабларга мувофиқ бўлиши лозим.

 

21. Қўлбола (хонаки тайёрланган) электр иситиш асбобларидан фойдаланиш ман этилади.

 

8 §. Электр иситиш асбобларини энергия тизимининг тармоқларига улаш тартиби

 

22. Электр иситиш мақсадида электр иситиш асбобларидан фойдаланилишда электр энергияси қўлланилишини келишишдан сўнг, электр ускуналарини энергия тизимининг тармоқларига улаш учун энергия таъминоти ташкилотидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, техник шартлар олиниши керак.

 

23. Электр иситиш асбобларини улаш учун электр монтаж ишлари, олдиндан «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси билан келишилган энергия таъминоти лойиҳасига қатъий риоя қилган ҳолда, Истеъмолчи объектларини электр таъминоти лойиҳаларининг келишувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (2007 йил 20 октябрь, рўйхат рақами 1731 — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 йил, 43-сон, 436-модда) ҳамда электр энергияси ҳисобини ташкил этиш борасида энергия таъминоти ташкилотларининг талабларига мувофиқ бажарилиши лозим.

 

24. Қўлланилиши «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси билан келишилган ва трансформатор қуввати оширилишини талаб қиладиган электр иситиш асбобларини тармоққа улаш энергия таъминоти ташкилоти томонидан берилган техник шартлар бўйича амалга оширилади.

 

25. Электр иситиш асбобларини, уларга электр энергияси қўлланилишини келишмасдан, энергия таъминоти ташкилотининг тармоқларига улаш тақиқланади.

 

26. Электр иситиш асбобларининг тегишли техникавий ҳолати ва хавфсиз эксплуатация қилиниши, ҳамда электр энергиясини истеъмол қилиш бўйича ўрнатилган тартибга риоя этилиши учун жавобгарлик объектларида мазкур электр ускуналари ўрнатилган истеъмолчи зиммасида бўлади.

 

9 §. Якуний қоида

 

27. Мазкур Низом «Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда «Ўзстандарт» агентлиги билан келишилган.

 

 

«Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компанияси

Бошқарувининг раиси Б. ТЕШАБОЕВ

Тошкент ш.,

2008 йил 3 январь

Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг раиси в. б. Б. УЛАШЕВ

Тошкент ш.,

2008 йил 15 январь

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг раиси А. ТОХТАЕВ

Тошкент ш.,

2008 йил 21 январь

«Ўзстандарт» агентлигининг Бош директори Р. БЎРИЕВ

Тошкент ш.,

2008 йил 25 январь

 

 





<<  Асосий саҳифа