Авторизация
Сўровнома

Инспекцияга йўллаган мурожаатингиз ўрнатилган муддатда кўриб чиқилганми?

Category: Сўровнома, Total votes: 37



Orphus
Он-лайн фойдаланувчилар сони: 7

my.gov.uz
id.uz
чоп этиш print1401

110–500 кВ электр узатиш ҳаво линияларида кучланиш остида ишлашда хавфсизлик Қоидалари

 

Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғининг

2010 йил 5 апрелдаги

68-сон буйруғига

илова

 

110–500 кВ электр узатиш ҳаво линияларида кучланиш остида ишлашда хавфсизлик

ҚОИДАЛАРИ

 

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 1 мартдаги 96-сон “Электр энергетикада назорат бўйича давлат агентлигини электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекциясига айлантириш тўғрисида”ги қарорига асосан кучланиш остидаги 110–500 кВ электр узатиш ҳаво линияларининг ток ўтказувчи қисмларига бевосита тегиб туриб иш бажарилганда электромагнит майдони ва бошқа йўлдош омиллар таъсиридан ҳимоялаш бўйича махсус талабларни белгилаб беради.

 

I боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Қоидаларнинг талаблари кучланиш остидаги 110–500 кВ электр узатиш ҳаво линиясида иш олиб борадиган ташкилотлар учун мажбурийдир.

Ушбу ташкилотларда кучланиш остидаги электр узатиш ҳаво линиясининг ток ўтказувчи қисмларига бевосита тегиб туриб бажариладиган ишлар махсус тайёргарлик ва аттестациядан ўтган бригадалар томонидан амалга оширилади.

2. Бригаданинг масъул раҳбари электр хавфсизлиги бўйича IV гуруҳдан кам бўлмаган малакага эга бўлиши лозим. Бригаданинг қолган аъзо (ишчи)лари электр хавфсизлиги бўйича III гуруҳ малакасига эга бўлишлари мумкин.

3. Кучланиш остидаги электр узатиш ҳаво линиясида амалга ошириладиган ишлар Электр ускуналарини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларига (рўйхат рақами 1614-сон, 2006 йил 18 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 33-сон, 337- модда) мувофиқ белгиланади.

4. 110–500 кВ электр узатиш ҳаво линиясининг ток ўтказувчи қисмларига бевосита тегиб туриб кучланиш остида иш бажарилишида 50 Hz частотали электромагнит майдонлари, тожли разряд вақтида ҳосил бўлувчи электромагнит нурланиши, аэроионлашиши, азот оксидлари, шовқиндан, электр майдонида мавжуд бўлувчи сиғим ва импульс токлари бўлган зарарли омиллардан ҳимояланиш керак.

5. Ишчиларнинг танасидан доимий ўтиб турувчи сиғим токи меъёр 0,06 mА дан ошмаслиги лозим.

6. Ишчиларнинг танасидаги электр майдон кучланганлиги меъёрий миқдор 5 кВ/m дан ошмаслиги керак.

7. Ишчиларнинг танасига таъсир этувчи магнит майдонининг кучланиш қиймати меъёри 5,0 А/m дан ошмаслиги лозим.

8. Кучланиш остидаги электр узатиш ҳаво линиясида ишловчи ишчилар қўлининг бармоқлари магнит майдонида жойлашган симга текканида кафтнинг ички қисмидаги 5,0 А/m гача бўлган потенциал таъсирида 4 соатгача ишлашига рухсат этилади.

9. Кучланиш остидаги 500 кВ электр узатиш ҳаво линияси потенциали таъсиридаги иш жойида 60 kHz дан 300 МHz гача частотали электромагнит нурланиши даражаси 15 V/m дан ошмаслиги керак.

10. Электромагнит нурланишидан ҳимоялаш учун 500 кВ гача бўлган электр узатиш ҳаво линиясида 0,06–3 МHz диапазон учун электромагнит нурланиши 70 V/m, 3–30 МHz диапазон учун 42 V/m ҳамда 30–300 МHz диапазон учун 14 V/m бўлганда 4 соатгача ишлашга рухсат этилади.

11. Потенциал таъсирида ишловчи ишчиларнинг нафас олиш органларини ҳимоялаш учун аэроионлардан ҳимояловчи воситаларидан фойдаланилганда 8 соатлик иш куни давомида электр узатиш ҳаво линияси атрофидаги аэроионларнинг чекланган миқдордаги концентрацияси (бундан кейинги ўринларда ЧМК деб юритилади) ҳар см3 да 5000 зарядланган заррачалардан ошмаслиги лозим.

12. Кучланиш остидаги 500 кВ гача бўлган электр узатиш ҳаво линиясидан 0,1–1 m узоқликда диоксид ва азот оксиди концентрацияси саккиз соатлик иш куни учун белгиланган ЧМК 2 mg/m3 дан ошмаслиги керак.

13. Кучланиш остидаги 500 кВ гача бўлган электр узатиш ҳаво линиясида ишловчи ишчиларнинг 8 соатлик иш куни давомида шовқиннинг чекланган миқдордаги даражаси 80 dB дан ошмаслиги керак.

 

II боб. Ҳимоя воситалари

 

14. Электр узатиш ҳаво линиялари потенциали остида ишловчи ишчилар асосий ҳимоя воситаси ҳисобланган ёзги мавсумда ЭП-1 ёки ЭП-4(ё), қишки мавсумда ЭП-3 ёки ЭП-4(қ) ҳамда ЭИ-2 русумли шахсий экранловчи комплектлар билан таъминланган бўлиши керак. Шахсий экранловчи комплектга қўйиладиган талабларнинг техник тавсифи мазкур Қоидалар иловасининг 1-жадвалига мувофиқ белгиланади.

15. Шахсий экранловчи комплект электр узатиш ҳаво линияси потенциали таъсирида ишловчи ишчиларни электр майдони ва унга йўлдош омиллар, электромагнит майдони, аэроионлашиш каби факторлар даражасини пасайтириб, ҳимоя қилинишини таъминлаши лозим.

16. Шахсий экранловчи комплектнинг ҳимоялаш хусусиятлари камида уч йил давомида ўзгармасдан сақланиши керак.

17. Шахсий экранловчи комплект ёпиқ экранланган доирани (хусусий Фарадей катагини) ҳосил қилиши лозим.

18. Шахсий экранловчи комплектнинг элементлари куртка, комбинезон, каска устига ёпинғич, юз учун экран, қўлқоп, пайпоқ, пойабзаллардан (теридан тикилган ботинка, резина этик, резина калиш) иборат бўлиши керак.

19. Шахсий экранловчи комплектининг элементлари электр ўтказгич материаллардан тайёрланиши ва бир-бири билан белбоғлар ва (ёки) контакт тугмачалар орқали уланиши, шунингдек улагич, пойабзал ва қўлқопларда кнопкали улагичлар ўрнатилиши лозим.

20. Куртка, комбинезон ва каска ёпинғичи тўқимали экранловчи материалдан тайёрланиши ва мустаҳкам контактга эга бўлиши ҳамда куртка ва комбинезонларнинг астари бўлиши шарт.

21. Шахсий экранловчи комплект қисқичи бор ўтказгич сим билан таъминланиши керак.

22. Шахсий экранловчи комплектнинг юз учун экрани кўришнинг 20 фоиздан ортиқ тўсмайдиган электр ўтказувчи толадан тўр кўринишида тайёрланиши лозим.

23. Қўлқоп ва пайпоқлар шахсий экранловчи комплект тайёрланган материал толаларидан тайёрланиши ҳамда улар билан бирга пахта толали патаклар бўлиши керак;

24. Этик ва калишлар электр ўтказувчи резинадан тайёрланиши керак. Ботинканинг электр ўтказувчи тагчарми ва экранловчи материалдан таглиги бўлиши керак.

25. Шахсий экранловчи комплектдан фойдаланишда қуйидаги талаблар бажарилиши шарт:

шахсий экранловчи комплектнинг элементларидан биргаликда фойдаланиш ва улар бир-бири билан гальваник уланиши;

фойдаланилган шахсий экранловчи комплектдан унга кимёвий ишлов берилгандан кейин фойдаланиш учун рухсат берилиши;

синов натижалари ва ташқи кўриниши бўйича яроқсиз ҳолга келиб, унинг хусусиятларини тиклашнинг иложи бўлмаганда алмаштирилиши.

26. Шахсий экранловчи комплектнинг танаффуссиз ишлаш вақти ташқи муҳит ҳароратидан келиб чиқиб, рухсат этилган ишлаш давомийлиги интерполяция йўли билан ушбу Қоидалар иловасининг 2-жадвалига мувофиқ аниқланади.

Ташқи муҳит ҳарорати 420С дан юқори бўлганда шахсий экранловчи комплектдан фойдаланиш тавсия этилмайди.

27. Шахсий экранловчи комплектнинг техник ҳолатини текшириш ундан ташиш, сақлаш ва фойдаланиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни аниқлаш учун амалга оширилади.

28. Шахсий экранловчи комплектнинг техник ҳолатини текшириш қуйидаги ҳолатларда бажарилиши лозим:

фойдаланишдан олдин;

кучланиш остидаги 500 кВ гача бўлган электр узатиш ҳаво линиясига ҳар бир кўтарилишдан олдин, шунингдек фойдаланиш вақтидан қатъи назар, даврий равишда ҳар чоракда 1 марта;

кимёвий тозалаш ва таъмирлашдан кейин;

сақлаш жараёнида 6 ойда 1 марта.

Даврий текшириш натижалари ҳимоя воситаларининг сақланиши ва ҳисобга олиниши ҳақидаги журналга киритилиши лозим.

29. Шахсий экранловчи комплектнинг техник ҳолатини текшириш қуйидагиларни ўз ичига олади:

ташқи кўрикдан ўтказиш;

ўзгармас токка қаршилигини ўлчаш;

куртка, комбинезон ва пойабзаллар материалининг ҳолати, чоклари бутунлиги, контакт чиқишлари ва улагичлари, шунингдек пойабзалнинг таглигини текшириш.

30. Шахсий экранловчи комплектларнинг элементлари, пойабзал бундан мустасно, ўзгармас токка қаршилиги чиқиш кучланиши 10 V дан кўп бўлмаган омметр билан алоҳида ўлчанади. Пойабзалнинг ўзгармас токка қаршилигини 500 ёки 1000 V кучланишли мегоомметрда ўлчанади.

31. Қўлқоп ва пайпоқларнинг қаршилиги чиқиш кучланиши 10 V дан юқори бўлмаган кучланишли омметр билан ўлчашда қўлқопларнинг куртка енги билан уланадиган чиқиши ва ҳар бир бармоғининг учи ўртасидаги қаршилик, пайпоқда унинг юқори қисми ва учи орасидаги қаршилик аниқланади. Аниқловчи сифатида энг катта ўлчанган қиймат танлаб олинади.

32. Шахсий экранловчи комплектни фойдаланишга тайёрлашда қуйидаги талаблар бажарилиши лозим:

а)шахсий экранловчи комплект элементларининг қуйидагича уланиши:

куртка ёқасидаги чиқиш каска устидаги ёпинғичининг чиқиши билан;

куртканинг ён чоклари комбинезон устки қисми чиқиши билан;

куртканинг енгидаги чиқишлар қўлқопнинг чиқишлари билан;

комбинезоннинг этагидаги чиқишлар пойабзалнинг чиқишлари билан;

юз учун экраннинг чиқиши куртка капюшонининг чиқиши билан;

б) ишчиларнинг шахсий экранловчи комплектларининг элементлари уланишининг тўғрилиги ва мустаҳкамлиги масъул раҳбар томонидан текширилиши;

в) қуйидаги ҳолатларда ишлаш тақиқланади:

шахсий экранловчи комплект элементлари носоз бўлса;

улагич ёки тугмачали улагич узилган бўлса;

пойабзал тагчарми ажралган бўлса ёки унинг ажралаётганлигига гумон бўлса;

шахсий экранловчи комплектнинг техник ҳолати текширилмаган бўлса.

33. Шахсий экранловчи комплектни кийиб иш бажаришда қуйидаги талабларга риоя этилиши керак:

электр узатиш ҳаво линияси потенциали таъсирида иш бажарилганда экранловчи комплект ишчилар кабинаси (аравачаси) билан бевосита гальваник уланиши. Бунда технологик ускуналар ва экранловчи комплектлар потенциалининг тенг тақсимланиши таъминланиши керак;

ишчининг электр узатиш ҳаво линиясига кўтарилишидан олдин шахсий экранловчи комплект сим потенциалини кўчирувчи штанга билан ва комплект потенциалини технологик ускунага кўчирувчи штанга билан уланиши;

сим потенциалини штанга ёрдамида кўчириш сим ва экранловчи комплект орасида учқунли разряд пайдо бўлмаслигига имкон берадиган масофада амалга оширилиши;

220 кВ ва ундан юқори кучланишли электр узатиш ҳаво линияси таянчи ёки траверсида бўлган ишчилар таянчдан изоляцияланган чақмоқдан ҳимояловчи троссга 1 m дан кам масофага яқин келмаслиги;

иш жараёнида шахсий экранловчи комплектнинг уловчи контактларида носозликлар, чокларида очиқ жойлар ёки бошқа носозликлар аниқланса, иш тўхтатилиши ва ишчи ерга туширилиши, носоз шахсий экранловчи комплект эса таъмирланиши ёки бошқа ишга яроқлигига алмаштирилиши.

34. Шахсий экранловчи комплектни сақлаш ва таъмирлашда қуйидаги талаблар бажарилиши лозим:

қуруқ, иситиладиган хоналардаги махсус шкафларда агрессив муҳит таъсиридан сақланиши;

шахсий экранловчи комплект даврий равишда тозаланиши (қуруқ кимёвий тозалашга рухсат этилади, ювиш тақиқланади);

шахсий экранловчи комплект элементларининг ташқи кўринишини яхшилаш ва электр ўтказувчанлигини тиклаш мақсадида таъмирланиши (таъмирлаш вақтида экранловчи материални оддий материалга алмаштириш тақиқланади).

35. Шахсий экранловчи комплектни электр ўтказувчанлигини қайта тиклаш мақсадида таъмирлашга рухсат этилмайди.

36. Шахсий экранловчи комплектнинг бирор қисмини кўчириш ва контакт улагичларга илиб қўйиш тақиқланади.

37. Электр узатиш ҳаво линиясида ишлайдиган ишчилар учун шахсий экранловчи комплектдан ташқари қўшимча ҳимоя воситалари талаб этилмайди.

38. Ерда ишловчи ишчилар иш куни давомида экранловчи комплектларсиз ишлашларига рухсат этилади.

39. Ишчиларнинг экранловчи комплектларининг элементлари уланиши тўғрилиги ва мустаҳкамлиги масъул раҳбар томонидан текширилиши шарт.

 

III боб. Меҳнат муҳофазаси бўйича чора-тадбирлар

 

40. Кучланиш остидаги 110–500 кВ электр узатиш ҳаво линиясида иш олиб борадиган ташкилотлар томонидан меҳнат муҳофазаси бўйича техник, даволаш-профилактик ва соғломлаштириш чора-тадбирлари белгиланиши лозим.

41. Техник чора-тадбирларда қуйидагилар назарда тутилиши керак:

110–500 кВ электр узатиш ҳаво линиясида ишловчи бир ишчининг иш куни давомида потенциал таъсирида бўлиш давомийлигини 4 соат билан чегаралаш, бунда ишчиларни вақти-вақти билан алмаштириб туриш;

кучланиш остида ишлашни электр узатиш ҳаво линиясининг минимал юкламали даврида ташкил этиш;

потенциал таъсирида ишловчи ишчиларни шамол эсадиган томонидан жойлаштириш;

иш бажариш технологияси бўйича ишчи бевосита симга тегиб туриб ишлаши бўйича белгиланган вақт давомийлигини чеклаш;

учқунли разряд давомийлигини камайтириш учун потенциалнинг тез кўчирилишини таъминлаш.

42. Даволаш-профилактик ва соғломлаштириш чора-тадбирларида қуйидагилар назарда тутилиши керак:

психофизиологик услубларнинг тавсиялари асосида кучланиш остида ишловчи шахсларни психофизиологик кўрсаткичлари бўйича касбий танлаш;

ишчиларнинг дастлабки ва даврий тиббий кўриги;

масъул раҳбар томонидан иш бошланишидан олдин ҳар бир ишчининг соғлиғи ҳақидаги субъектив шикоятларини, касаллик, мастлик ёки карахтлик синдромининг ташқи аломатларини текшириш;

дам олиш хоналарини, спорт-соғломлаштириш комплексларини жиҳозлаш.

ишларни бажаришда физиологик ва биологик назорат қилувчи техник воситалардан фойдаланиш.

 

IV боб. Якуний қоида

 

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги,  «Ўзбекэнерго» давлат акционерлик компанияси, «Саноатконтехназорат»  давлат инспекцияси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.

 

                                                                                                                                               

             Ўзбекистон Республикаси

             Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

             муҳофаза қилиш вазири                                               А. Хаитов

 

 «2­­­­» апрель 2010 й.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазири                                              Икромов И.А.

 

 «15» март  2010 йил                                                                                                                                                      

 

                                                                    

«Ўзбекэнерго» ДАК

бошқаруви раиси                                                            Тешабоев Б.М.

 

«26» март 2010 йил                                                         

 

 

«Саноатконтехназорат» давлат

инспекцияси бошлиғи                                                   Холматов И.М.

 

«23» март 2010 йил                                                                       

 

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари

Федерацияси Кенгаши раиси                                       Жаҳонгирова Д.Н.

 

 «18» март 2010 йил                                                                       

 

 

 

110–500 кВ электр узатиш ҳаво линияларида кучланиш остида ишлашда хавфсизлик қоидаларига

ИЛОВА

 

 Шахсий экранловчи комплектнинг техник тавсифи

 

1-жадвал

№..

Техник талабларнинг номи

Техник талабларнинг меъёри

1

Ишчи танасидаги электр майдони кучланганлигини экранлаштириш коэффициенти

100 нисбий бирликдан кам эмас

2

Экранловчи материал бўлагининг марказидаги экранлаштириш коэффициенти

                   20 дан кам эмас

3

Сиғим токи бўйича экранлаштириш коэффициенти

100 нисбий бирликдан кам эмас

4

0,06–30 МHz частота диапазонида электромагнит майдон кучланганлиги бўйича экранлаштириш коэффициенти

                       камида 3

5

Аэроионлар концентрацияси бўйича экранлаштириш коэффициенти

камида 5

6

Шахсий экранловчи комплектнинг қаршилиги, қўлқоп, пайпоқлар ва пойабзаллар бундан мустасно

                   10 Ω дан кўп эмас

7

Қўлқоп ва пайпоқларнинг қаршилиги

                   30 Ω дан кўп эмас

8

Пойабзалнинг қаршилиги

                   2 kΩ дан кўп эмас

9

Юз учун экран тўр катагининг ўлчами

                   1х1 mmдан катта эмас

 

 

 

Ёз мавсумида ташқи муҳит ҳароратига боғлиқ экранловчи

комплектда узлуксиз ишлашнинг рухсат этилган вақти

 

2–жадвал

 

Ташқи муҳит ҳарорати, °С

                 +  25 гача

30

35

42

Экранловчи комплектда рухсат этилган ишлаш вақти, соат

чегараланмаган

3,0

1,5

1,0

 

 

 





<<  Асосий саҳифа