Авторизация
Сўровнома

Инспекцияга йўллаган мурожаатингиз ўрнатилган муддатда кўриб чиқилганми?

Category: Сўровнома, Total votes: 37



Orphus
Он-лайн фойдаланувчилар сони: 8

my.gov.uz
id.uz
чоп этиш print2741

Муқобил энергия - иқтисодий барқарорлик омили

Маълумки, кейинги йилларда энергетика соҳасининг муқобил тури ҳисобланган қайта тикланувчи энергия манбалари глобал аҳамият касб этиб, дунё иқтисодиётидаги устувор йўналишлардан бирига айланиб бормоқда.

 

Мутахассисларнинг фикрича, яқин келажакда у ёки бу давлатнинг барқарор ривожланиши учун энергетика тармоғида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш салмоғига узвий боғлиқ бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.

Шу боис ушбу соҳанинг қонунчилик базасини такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда. Чунки айнан шу йўл орқали ушбу соҳа муносабатлари ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади ва унинг ривожи таъминланади.

Таҳлилларга қараганда, ҳозиргача 80 га яқин мамлакатда муқобил энергия манбалари соҳасида миллий қонунчилик яратилган. Айниқса, сўнгги ўн йилликда мазкур соҳада Австралия, Австрия, Бельгия, Бразилия, Канада, Хитой, Дания, Эстония, Чехия, Франция, Германия, Ирландия, Жанубий Корея, Нидерландия, Португалия, Сингапур, Швеция, Швейцария, АҚШ, Ҳиндистон ва Монголия каби мамлакатларда тегишли қонунлар қабул қилинган ҳамда амалдаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Кўпгина мамлакатларда қонун йўли билан давлат, бизнес ва нодавлат сектор эътиборини мазкур соҳага қаратиш, муқобил энергия манбаларининг ривожи учун давлат томонидан рағбатлантирувчи чораларни кўриш, субсидиялар сиёсатини қўллашга нисбатан муносабат шаклланган. 50 дан ортиқ давлат қонунчилигида рағбатлантириш ва субсидия акс эттирилган. Масалан, Хитойда қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, қайта тикланувчи энергия манбани, хусусан, қуёш ва шамол энергиясидан олинадиган электр манбаини умуммиллий электр тармоқларига улаш назарда тутилган. Бу давлатда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида бир қатор имтиёзлар белгиланган. 2020 йилга бориб бу ерда мазкур манбадан олинадиган энергия ҳажми 15 фоизга етказилиши мўлжалланган.

Муқобил энергия манбалари бўйича халқаро қонунчилик тажрибаси ҳақида гапирганда Европа Иттифоқида бу борадаги амалиётга алоҳида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофикдир. Зеро, бу минтақада мазкур соҳада етарлича тажриба тўпланган бўлиб, бундай манбаларни ривожлантириш минтақа энергетика сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Хусусан, ушбу иттифоқнинг стратегик ҳужжатида минтақада 2010 йилгача қайта тикланувчи энергия манбаининг ҳиссаси 12 фоиздан паст бўлмаслиги белгиланган эди. Ҳозир бу кўрсаткич салкам 13 фоизни ташкил этмоқда. 2001 йилда қабул қилинган ҳужжатларда қайта тикланувчи манбалар ёрдамида олинадиган электр энергиясининг улуши 2020 йилга бориб 20 фоизга етказиш назарда тутилган. 2004 йилда ҳаётга татбиқ этила бошланган бошқа бир ҳужжатда биоёқилғи ҳажмини анчага ошириш белгиланган. Хуллас, амалдаги қатор қонунчиликка биноан, кўриладиган чоралар натижасида Европа Иттифоқида 2020 йилда қайта тикланувчи энергия манбаи соҳасида 2,8 млн.та иш ўрни яратилиши, қайта тикланувчи энергия индустриясининг иттифоқ ЯИМдаги ҳиссаси 1,1 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу минтақадаги ҳар бир давлатнинг ўзида мустақил равишда соҳа қонунчилигини такомиллаштиришга ҳаракат қилинмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки муқобил энергия манбаи йўналишида ҳамма жойда ҳам бир хилда имконият мавжуд деб бўлмайди. Масалан, Исландия геотермик, яъни ер бағридаги иссиқликдан энергия манбаи сифатида фойдаланиш борасида кенг салоҳиятга эга бўлса, Италия ва Испания қуёш энергиясидан фойдаланишда бир қатор устунликларга эга. Айниқса, Испанияда 2005 йилда Қуёш Ордонанси қабул қилинганидан сўнг, ушбу соҳада шиддат билан ўсиш кузатилмоқда. Дания ва Германия шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича Европа Иттифоқида етакчилик қилишмоқда. 2008 йилда Еврокомиссия томонидан чиқарилган хулосага кўра, ушбу иттифоққа кирувчи аксарият мамлакатлардаги соҳани рағбатлантириш ва субсидиялар бериш сиёсатини жорий этиш муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Умуман, муқобил энергия манбаи соҳасини ривожлантиришни қўллаб- қувватлаш усуллари турли бўлиб, бундай энергия манбаи асосида вужудга келган электр энергиясини сотиш учун имтиёзли тарифлар дунёнинг 50 тадан зиёд давлатида жорий этилган. Махсус яшил сертификатлардан фойдаланиш, яъни қайта тикланувчи энергия манбаи орқали ҳосил қилинган энергияни юқори нархда олувчи истеъмолчиларга сотиш жараёни Швеция, Буюк Британия, Италия, Бельгия, Польшада амал қилади. Бу борадаги солиқ имтиёзлари Мальта, Финляндия, Кипр, Буюк Британия, Чехияда татбиқ этилган. Бундан ташқари, имтиёзли кредитлар, соҳада илмий-тадқиқотлар олиб борувчиларни ҳамда турли хил ускуна, қурилмаларни ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, намунавий лойиҳаларни намойиш этган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбалари ҳақида жамоатчилик ўртасида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришни рағбатлантириш каби жараёнларга қаратилган алоҳида ёндашув ва эътиборни жаҳон тажрибасида кўп кузатиш мумкин.

Мамлакатимизда мазкур соҳадаги муносабатлар “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги, “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонунлари билан тартибга солинган. Бу борада Президентимизнинг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони алоҳида аҳамиятга молик ҳужжат саналади. Унда қайд этилганидек, Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларидан, энг аввало, қуёш энергиясидан фойдаланиш соҳасида илмий ва экспериментал тадқиқотлар олиб бориш борасида салмоқли тажриба тўпланган бўлиб, улар юзасидан бир қанча ўн йиллар мобайнида ишланмалар олиб борилмоқда. Марказий Осиёда ўхшаши йўқ илмий-экспериментал марказ ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари жаҳон миқёсида эътироф этилган.

Фармондан кўзда тутилган мақсад тўпланган тажрибани эътиборга олган ҳолда ва тадқиқотлар ҳамда тажриба-саноат ишланмаларини юқорироқ техник ва илмий даражада ўтказишни янада давом эттириш, жаҳон тажрибасини ҳисобга олиб, юртимиз шароитида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш борасидаги айрим ечимларни амалда қўллаш, шунингдек, мазкур соҳа учун замонавий ускуналар ва технологияларни шу ерда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш чораларини кўришга қаратилган. Энг муҳими, унда соҳа қонунчилигини такомиллаштириб, “Муқобил энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш лозимлиги белгиланган.

Айни пайтда мазкур қонун лойиҳасини тайёрлаш устида иш қизғин кетаётганини таъкидлаш билан бирга, унинг қабул қилинишидан, аввало, анъанавий энергия манбаларининг тежамкорлигига, атмосфера ҳавосига заҳарли газлар чиқишининг камайишига, айрим ҳудудлардаги энергияга бўлган муаммоларни бартараф этишга эришиш ҳамда бутун республикани узлуксиз энергия билан таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилиши кутилаётганини эътироф этиш даркор.

Бундан ташқари, мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаи йўналишида миллий режа, махсус дастур ишлаб чиқиш, мазкур соҳа учун олий ва ўрта-махсус ўқув юртларида кадрлар тайёрлаш бўйича тизим яратиш кабилар долзарб вазифаларнинг амалиёти муҳим аҳамиятга эга. Чунки углеводород хом ашёсининг жаҳон миқёсидаги захиралари камайиб бораётган шароитда муқобил энергия манбаларидан амалда фойдаланишга иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши ва рақобатбардошлигини оширишнинг энг муҳим омили сифатида қаралмоқда.

 



Тўлқин АБДУСАТТОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

http://www.biznes-daily.uz/ru/gazeta-birja/16709-muqobil-enrgiya--iqtisodiy-barqarorlik-omili



<<  Асосий саҳифа