Авторизация
Сўровнома

Инспекцияга йўллаган мурожаатингиз ўрнатилган муддатда кўриб чиқилганми?

Category: Сўровнома, Total votes: 44



Orphus
Он-лайн фойдаланувчилар сони: 12

my.gov.uz
id.uz
чоп этиш print1390

“Физика-қуёш”: келажак технологиялари

“Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”

(Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 42-модда)

Бугун кўплаб давлатлар, шу жумладан Ўзбекистон ҳам инновацияларга асосланган иқтисодиётни шакллантирмоқда. Бироқ, “ақлли” иқтисодиётни ишлаб чиқаришнинг янги, замонавий технологиялари ва услубларини ўзлаштирмасдан, уни маҳаллийлаштириш ва модернизация қилишни кенгайтирмасдан, тайёр маҳсулот ишлаб чиқиш учун ресурс харажатларини камайтиришга ёрдам берадиган маҳаллий хомашёдан янада кенг фойдаланмасдан қуриб бўлмайди.

Истиқлол йилларида Ўзбекистонда Президентимиз Ислом Каримов кўмагида илмий ташкилотлар ва олий ўқув юртлари томонидан юзлаб замонавий технологиялар ҳамда ишланмалар яратилди. Мамлакатимизни янада ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим масалаларини ҳал этишда катта амалий аҳамиятга эга бўлган ушбу янгиликлар саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот-коммуникация, илм-фан ҳамда таълим соҳасида фойдаланиш учун мўлжалланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар бир фуқаронинг илмий-техникавий ижод қилиш ҳуқуқи ва эркинликлари кафолатланган. Бу борада давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади. Зеро, фақат эркин мамлакатдагина эркин инсон эркин ижод қилиши, ўз келажагини қуриши мумкин.

Мамлакатимизда жаҳонга машҳур ва ютуқлари билан мамлакатимиз фахрланадиган бир қанча институтлар фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институти шулардан биридир. Мазкур олий ўқув юрти қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, гелиоматериалшунослик, асбобсозлик соҳасидаги фундаментал тадқиқотлари ва илмий-техник ютуқлари, шунингдек, унда юқори малакали илмий кадрлар тайёрланаётгани билан шуҳрат қозонган.

“Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасида фаолият кўрсатаётган илмий-тадқиқот лабораториялари дарахтзорлар орасида жойлашган бўлиб, бунинг натижасида бу ердаги ҳаво тоза ҳамда салқин. Олимлар ёш мутахассислар билан ҳамкорликда ўзига хос “техника мўъжизалари”ни яратмоқда. Ўзбекистон уларнинг самарали меҳнати туфайли Марказий Осиё давлатлари орасида қуёш энергияси маҳаллий илмий ишланмалар асосида янги ривожланиш босқичига кўтарилган дастлабки мамлакатлардан биридир. Бунинг устига, бу борада мамлакатимизнинг географик жиҳатдан қулай жойлашгани ҳам фойда бермоқда.

“Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институти бош директори, профессор С.Лутфуллаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда қуёш энергиясини ривожлантириш имкониятлари чексиз. Негаки, мамлакатимизда қуёшли кунлар бир йилда 300 кундан ортиқ ва улардан энергия ишлаб чиқариш учун фойдаланиш мумкин. Илмий-тадқиқот институти эса айнан шу йўналишда фаолият олиб бормоқда.

“Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси эришган муваффақиятларни шу ернинг ўзида, яъни унинг ҳудудида кўриш мумкин. Чунки, бу ерда олимлар ўз меҳнати натижалари экспозициясини ташкил этган. Уларнинг таъбири билан айтганда – гелиополигонда қуёш-иссиқлик ва энергетика қурилмалари намуналари, қуёш-иссиқлик, иссиқлик, фотоэлектр ва қуёш энергиясини термодинамик ўзгартириш мосламаларини синовдан ўтказиш стендлари жой олган. Бу ерда “Қайта тикланадиган энергия манбалари” ўқув-илмий маркази таркибига кирадиган олий ўқув юртлари талабалари учун амалий машғулотлар ўтказилмоқда.

Бу ерга келганларнинг чеҳрасига қараб, улар кўрганларидан ҳайратда қолганини пайқаш мумкин. Миллионлаб блокларда акс этган қуёш нурлари ягона нурга жамланишини тасаввур қилиб кўринг. Бунинг натижасида қуёш энергияси мамлакатимиз олимлари томонидан ишлаб чиқилган Стирлинг двигатели ёрдамида электр энергиясига айланади.

Стирлинг двигатели базасида ишлайдиган қурилмаларнинг ўзига хослиги шундаки, улар коллектив энергия таъминоти тизимлари учун турлича қувватга эгадир. Бундан ташқари, улар бир пайтнинг ўзида автоном истеъмолчини электр энергияси, иссиқ сув билан таъминлаш ва ҳавони совутиш учун мўлжалланган. Бу борада двигатель ёниш қурилмасидан фақат иссиқлик энергиясини истеъмол қилади, холос.

– Стирлинг двигателлари истаган иссиқлик манбаи ёрдамида, шунингдек, турли шароитларда, ҳатто сув ости ва космосда ишлаш қобилиятига эгалиги билан ажралиб туради, – дейди “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институтининг Гелиотехника конструкциялари лабораторияси мудири, техника фанлари номзоди И.Турсунбоев. – Бу борада қуёш энергияси, радиоизотоп манбаи, биогаз ёки оддий иссиқлик иссиқлик манбаи сифатида хизмат қилиши мумкин. Шунингдек, 5 кВт электр қувватига эга Стирлинг двигатели иситиш ва маиший эҳтиёжлар учун иссиқ сув шаклида қарийб 20 кВт иссиқлик ишлаб чиқариши мумкин. Аксарият давлатларда ушбу қурилмаларга катта қизиқиш билдирилмоқда. Масалан, Хитой 1 кВт ва 5 кВт қувватга эга иккита двигателни харид қилди.

Мамлакатимиз олимлари томонидан ишлаб чиқилган яна бир янгилик – йирик чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари учун озуқа ишлаб чиқариш реакторига эга биогаз қурилмаси ҳам катта таассурот қолдиради. Қишлоқ хўжалигининг органик чиқиндиларини такомиллаштирилган технология асосида қайта ишлаш учун мўлжалланган ушбу қурилма юқори унум билан биогаз ишлаб чиқаришни таъминлайди ва маҳсулот сифатини оширишга ёрдам беради.

Дағал озуқаларни бойитиш бўйича қурилма таркибига кирадиган биореактор микроорганизмлар ёрдамида похол, ғўза пояси ва бошқа дағал озуқаларни қайта ишлаш, уларни чорва моллар ҳамда паррандалар учун тўйимли ва тез ҳазм бўладиган овқатга айлантириш имконини беради. Бундан ташқари, у чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларини ўзи ишлаб чиқарадиган биогаз, иссиқ сув ва витаминларга бой озуқабоп қўшимчалар, юқори сифатли органик ўғитлар билан таъминлайди.

Биогаз қурилмаси олимлар томонидан халқ хўжалиги учун яратилган ягона ишланма эмас. Хусусан, “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг паст потенциалли қуёш-иссиқлик қурилмалари лабораторияси қуёш ёрдамида иссиқ сув таъминоти учун мўлжалланган тизимлар – маҳаллий хомашё асосида ишлайдиган коллекторларни ишлаб чиқди.

Мутахассисларнинг фикрича, улардан нафақат алоҳида турар жойлар, балки йирик саноат корхоналари ва ташкилотларда фойдаланиш мумкин. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари кўплаб муассасаларини иссиқ сув билан таъминлаш ва биноларни иситиш учун шундай коллекторларни ўрнатди.

“Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ходимлари янги технологияларни ишлаб чиқишда оддий одамлар, айниқса, мамлакатимизнинг энг чекка жойларида яшаётган аҳоли ҳақида ўйлайди. Мисол учун, махсус сувни қуёш ёрдамида тузсизлантириш мосламаси ишлаб чиқилган бўлиб, улардан кундалик турмушда фойдаланиш кунига 100 литргача чучук сув олиш имконини беради.

Шунингдек, “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институтининг яримўтказгич қуёш элементлари лабораторияси ишланмалари кундузги ёруғлик имкониятларидан самарали фойдаланишга ёрдам беради. Бу ерда кўчалар ва майдонларни ёритадиган фотоэлектр станциялар ҳамда фотоэлектр тизимлар ишлаб чиқилмоқда. Улар истеъмолчиларни доимий ва ўзгарувчан кучланишга эга электр энергияси билан таъминлаш учун мўлжалланган. Айни пайтда лаборатория тўртта патентга эга ва улардан бири кундузи нафақат электр энергияси, балки иссиқ сув берадиган фотоиссиқликни ўзгартирувчи батарея учун олинган.

– Фотоэлектр қурилма фермер хўжаликларига қудуқдан сув олиш учун ҳам фойдалидир, – дейди “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институтининг яримўтказгич қуёш элементлари лабораторияси мудири М.Турсунов. – Ундан фойдаланиш бир кунда 60 кубметр сув олиш имконини беради. Буни ўз хўжалиги учун шундай қурилмаларни сотиб олган Қашқадарё вилоятидаги фермерлар ҳам тасдиқлайди.

Мухтасар айтганда, “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институти жамоаси бугун учта инновация, 11 илмий-техника ва 7 фундаментал лойиҳа устида ишламоқда. Бундан ташқари, 2011 йилнинг 11 мартида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Осиё тараққиёт банки ўртасида қуёш энергияси соҳасида техник ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат доирасида “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институти институт негизида қуёш энергияси соҳасида ҳудудий илмий ва амалий тадқиқотлар марказини ташкил қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда қуёш энергиясини ривожлантиришга доир лойиҳаларни амалга оширади.

Бу “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институти жамоаси олдида катта ишлар турганидан далолат беради. Негаки, яқин истиқболда қуёш энергияси олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари учун иқтисодий жиҳатдан асосланган, фойдаланиш мумкин бўлган ҳамда ягона ишончли манбага айланиши мумкин. Бироқ, бугун шуни ишонч билан айтиш мумкинки, келажак сари дадил қадам ташлаётган олимларимиз бу борада ҳам ўз имконият ва салоҳиятидан самарали фойдаланади.



Муаллиф: Меҳрибон Маметова

Манба: ЎзА

URL-манзил: http://uza.uz/oz/business/24581/

 



<<  Асосий саҳифа