Авторизация
Сўровнома

Инспекцияга йўллаган мурожаатингиз ўрнатилган муддатда кўриб чиқилганми?

Category: Сўровнома, Total votes: 35



Orphus
Он-лайн фойдаланувчилар сони: 5

my.gov.uz
id.uz
чоп этиш print1826

Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом

 

 

Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг Қарори

 

Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 48-сон, 610-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 1 декабрда 2736-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]

 

 

Ўзбекистон Республикасининг «Метрология тўғрисида»ги, «Электр энергетикаси тўғрисида»ги ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси ва Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги қарор қилади:

 

1. Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловагамувофиқ тасдиқлансин.

 

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи

А. НИМАТУЛЛАЕВ

Тошкент ш.,

2015 йил 30 октябрь,

6-сон

 

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг бош директори

А. ҚУРБОНОВ

Тошкент ш.,

2015 йил 30 октябрь,

к-8-сон

 

 

 

Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси ҳамда Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг 2015 йил 30 октябрдаги 6, к-8-сонли қарорига
ИЛОВА

 

Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Метрология тўғрисида»ги ва «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ, маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олишнинг электрон приборларини (бундан буён матнда ҳисобга олиш прибори деб юритилади) қиёслашдан ўтказиш тартибини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

 

маиший истеъмолчи (истеъмолчи) — ҳудудий электр тармоқлари корхонаси (бош ишончнома асосида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси номидан шартнома тузувчи электр таъминоти корхонаси) билан электр таъминоти шартномасини тузган ва электр энергиясидан маиший эҳтиёжлар учун фойдаланадиган жисмоний шахс;

ҳудудий электр тармоқлари корхонаси — вилоят, шаҳар, иқтисодий зона (саноат зонаси) доирасида электр таъминоти шартномаси асосида истеъмолчиларга электр энергиясини тақсимлаш ва сотиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс;

электр таъминоти корхонаси — ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг туман, шаҳар, иқтисодий зона (саноат зонаси) доирасида электр энергиясини тақсимлаш ва сотишни амалга оширувчи бўлинмаси;

қиёслашдан ўтказиш ишлари — электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчининг ҳисобга олиш приборини ечиб олиш (демонтаж қилиш), уни қиёслашдан ўтказиш, қиёслашдан ўтган ҳисобга олиш приборини истеъмолчига етказиб бериш, ҳисобга олиш приборини жойига ўрнатиш (монтаж қилиш) бўйича бажариладиган ишлар (хизматлар) мажмуи.

 

2. Истеъмолчилар томонидан фойдаланилаётган Ўзбекистон Республикаси Ўлчов воситалари давлат реестрига киритилган ҳисобга олиш приборлари белгиланган тартибда қиёслашдан ўтказилиши шарт.

 

3. Истеъмолчилар томонидан фойдаланилаётган ҳисобга олиш приборлари:

даврий қиёслашдан — ҳисобга олиш приборларини қиёслашлараро интервал муддати тугаганда;

навбатдан ташқари қиёслашдан — ҳисобга олиш приборларининг қиёслашдан ўтказилганлигини тасдиқловчи пломбаси шикастланганда ёки қайта созлаш ишларини ўтказиш зарурати вужудга келганда;

эксперт қиёслашдан — ҳисобга олиш приборларининг созлиги ёки уларнинг қўллашга яроқлилиги, метрологик тавсифлари бўйича мунозарали саволлар туғилганда ўтказилади.

 

4. Ҳисобга олиш приборларининг қиёслашлараро интервал муддати тўрт йилни ташкил қилади.

 

5. Электр таъминоти корхонаси ўзининг маълумотлар базаси орқали ҳар бир ҳисобга олиш приборининг қиёслашлараро интервал муддати ўтишини кузатиб боради ва даврий қиёслашдан ўтказишнинг ўз вақтида амалга оширилиши учун жавобгар ҳисобланади.

 

6. Ҳисобга олиш приборини навбатдан ташқари қиёслашдан ўтказиш электр таъминоти корхонаси ташаббуси билан ўтказилганда, қиёслашдан ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан амалга оширилади, мазкур Низомнинг 34-бандиданазарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

 

7. Ҳисобга олиш прибори эксперт текширувидан суриштирув, тергов, прокуратура органлари ёхуд суднинг қарорига (ажримига) асосан ўтказилиши мумкин.

 

2-боб. Ҳисобга олиш приборларини даврий қиёслашдан ўтказиш ишларини ташкил қилиш

 

8. Ҳисобга олиш приборларини даврий қиёслашдан ўтказиш ишлари электр таъминоти корхонаси томонидан ташкил этилади. Бунда келгуси йил учун ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш ишлари бўйича режа-жадвал ишлаб чиқилади ва ҳар йили 20 декабрга қадар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раҳбари томонидан тасдиқланади.

 

9. Ҳисобга олиш приборининг қиёслашлараро интервал муддати тугашидан камида бир ой олдин электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчига имзо қўйдирган ҳолда хабарнома тақдим этилади. Хабарнома икки нусхада тузилади. Унинг бир нусхаси истеъмолчига берилади, истеъмолчи томонидан имзоланган иккинчи нусхаси эса, электр таъминоти корхонасида қолдирилади.

 

10. Хабарномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

 

ҳисобга олиш приборининг қиёслашлараро интервал муддати тугайдиган вақт;

ҳисобга олиш приборини қиёслашдан ўтказиш учун белгиланган тариф бўйича тўланиши лозим бўлган сумма;

ҳисобга олиш приборини ечиб олиш учун электр таъминоти корхонаси ходими борадиган кун;

хабарнома юбораётган электр таъминоти корхонасининг реквизитлари;

бошқа зарур маълумотлар.

 

11. Хабарномага қиёслашдан ўтказиш учун белгиланган тариф бўйича тўланиши лозим бўлган сумма кўрсатилган тўлов ҳужжати илова қилинади.

 

12. Хабарномани келтирган шахс истеъмолчини яшаш жойида топмаса, хабарнома у билан бирга яшайдиган катта ёшдаги оила аъзоларининг бирига ёки у билан бир хонадонда истиқомат қилувчи вояга етган шахсга, улар ҳам бўлмаса фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига топширилади. Бундай ҳолларда хабарномани қабул қилиб олган шахс унинг иккинчи нусхасида ўзининг фамилияси, исми ва отасининг исмини, шунингдек хабарнома юборилган истеъмолчининг кими эканлигини (эри ёки хотини, отаси, онаси, ўғли, қизи ва ҳоказо) кўрсатиши шарт.

Хабарномани қабул қилиб олган шахс уни имконият бўлиши билан дарҳол истеъмолчига топшириши шарт.

 

13. Истеъмолчи вақтинча бирор жойга кетган бўлса, хабарномани келтирган шахс унинг иккинчи нусхасига истеъмолчи қаерга кетганлиги ва қачон келиши кутилаётганлиги тўғрисида ёзиб қўяди. Бу маълумотлар тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тасдиқланиши лозим.

 

14. Қиёслашдан ўтказиш учун тўлов истеъмолчи томонидан қиёслашдан ўтказиш ишлари бошлангунга қадар амалга оширилиши лозим.

 

15. Кам таъминланган истеъмолчилар, уларнинг кам таъминланганлигини тасдиқловчи ҳужжатга асосан, ҳисобга олиш приборини қиёслашдан ўтказиш учун тўланиши лозим бўлган суммани 6 ой ичида тўлаши мумкин. Бунда қиёслашдан ўтказиш учун тўлов электр таъминоти корхонаси ва истеъмолчи ўртасида қиёслашдан ўтказиш ишларини бажариш бўйича тузилган шартномага асосан қиёслашдан ўтказиш электр таъминоти корхонаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

16. Истеъмолчининг ҳисобга олиш приборини ечиб олиш (демонтаж қилиш), қиёслашдан ўтган ҳисобга олиш приборини истеъмолчига етказиб бериш, ҳисобга олиш приборини жойига ўрнатиш (монтаж қилиш) электр таъминоти корхонасининг штатдаги электротехник ходими (бундан буён матнда ваколатли ходим деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

 

17. Қиёслашдан ўтказиш ишлари ҳисобга олиш прибори ечиб олингандан сўнг 15 кун ичида якунланиши лозим.

 

3-боб. Ҳисобга олиш приборларини даврий қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олиш

 

18. Истеъмолчи томонидан қиёслашдан ўтказиш учун тўлов амалга оширилгандан сўнг, уч иш куни ичида ҳисобга олиш приборини ечиб олиш учун электр таъминоти корхонаси томонидан ваколатли ходим юборилади.

Ваколатли ходим соат 8.00 дан 20.00 гача истеъмолчининг ҳисобга олиш приборини ечиб олиш ва ўрнатиш учун келиш ҳуқуқига эга. Бунда ваколатли ходим ўз хизмат гувоҳномасини истеъмолчига кўрсатиши лозим.

 

19. Ҳисобга олиш приборини ечиб олишда ваколатли ходим истеъмолчи иштирокида ҳисобга олиш прибори ва ўрнатилган пломбаларнинг бутлигини текшириб, ҳисобга олиш прибори ечиб олинганлиги ҳақида уч нусхада далолатнома тузади. Бунда далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига берилади, иккинчи нусхаси электр таъминоти корхонасида қолади, учинчи нусхаси эса, давлат метрология хизмати органига тақдим этилади.

Далолатноманинг барча нусхалари ваколатли ходим ва истеъмолчи томонидан имзоланади. Далолатномада ҳисобга олиш приборининг тури, завод рақами, ишлаб чиқарувчининг товар белгиси ва унинг ечиб олинган вақтдаги кўрсаткичлари ҳамда бошқа зарур маълумотлар қайд этилади.

Истеъмолчи ваколатли ходим ўз вазифаларини амалга ошириши учун зарур шароитлар яратиши шарт.

 

20. Электр таъминоти корхонасида қиёслашдан ўтказилган ҳисобга олиш приборларининг алмаштириш фонди мавжуд бўлганда, истеъмолчининг ҳисобга олиш прибори ечиб олингандан сўнг, унинг ўрнига алмаштириш фондидан белгиланган тартибда қиёслашдан ўтказилган ҳисобга олиш прибори ўрнатилади ҳамда белгиланган тартибда сертификат расмийлаштириб берилади.

 

21. Электр таъминоти корхонасининг алмаштириш фонди мавжуд бўлмаганда, ҳисобга олиш прибори ечиб олинганидан сўнг, ваколатли ходим қиёслашдан ўтказиш ишлари давом этадиган даврга истеъмолчининг электр қурилмаларини электр тармоқларига тўғридан-тўғри, ҳисобга олиш приборисиз улаб қўяди.

 

22. Истеъмолчи ҳисобга олиш приборисиз электр тармоқларига тўғридан-тўғри уланган тақдирда, фойдаланилган электр энергияси учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тўлов амалга оширилади.

 

4-боб. Ҳисобга олиш приборларини даврий қиёслашдан ўтказиш учун давлат метрология хизмати органига топшириш

 

23. Ваколатли ходим ҳисобга олиш приборини, у ечиб олингандан сўнг уч иш куни ичида давлат метрология хизмати органига унинг ечиб олинганлиги ҳақидаги далолатнома билан биргаликда тақдим этади.

Ҳисобга олиш приборида ишлаб чиқарувчининг товар белгиси, ҳисобга олиш приборининг тури ва завод рақами аниқ бўлмаса ёки у шикастланган ҳолатда бўлса, давлат метрология хизмати органи уни қиёслашдан ўтказиш учун қабул қилишни рад этишга ҳақли.

Ҳисобга олиш приборини қабул қилиб олган давлат метрология хизмати органи ходими унинг қабул қилганлигини тегишли журналда қайд этади.

 

24. Ҳисобга олиш приборини қиёслашдан ўтказиш учун қабул қилиш рад этилган тақдирда, бу ҳақда икки нусхада далолатнома тузилади ва давлат метрология хизмати органи ходими ҳамда ваколатли ходим томонидан имзоланади. Бунда далолатноманинг бир нусхаси ваколатли ходимга берилади, иккинчиси эса, давлат метрология хизмати органида қолади.

 

25. Ҳисобга олиш прибори қиёслашдан ўтказиш учун қабул қилинганда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан давлат метрология хизмати органи ўртасида ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш бўйича шартнома тузилади.

 

5-боб. Ҳисобга олиш приборларини даврий қиёслашдан ўтказиш ва таъмирлаш

 

26. Давлат метрология хизмати органи томонидан ҳисобга олиш прибори уч иш куни ичида қиёслашдан ўтказилади.

Қиёслашдан ўтказиш натижаларига кўра ҳисобга олиш прибори ишлатишга яроқли деб топилган тақдирда, давлат метрология хизмати органи ходими ҳисобга олиш прибори қиёслашдан ўтказилганлигини тасдиқловчи сертификат расмийлаштиради ҳамда ваколатли ходимга топширади.

 

27. Ҳисобга олиш приборининг ҳисоблаш механизми ва ростлаш элементларига рухсатсиз аралашувларнинг олдини олиш мақсадида ҳисобга олиш приборининг кожухлари маҳкамланган жой давлат метрология хизмати органи томонидан пломбаланади.

 

28. Қиёслашдан ўтказиш натижаларига кўра ҳисобга олиш прибори кейинчалик фойдаланишга яроқсиз деб топилган тақдирда, давлат метрология хизмати органи ходими ваколатли ходимга ҳисобга олиш прибори фойдаланишга яроқсизлиги ҳақида хабарнома беради. Хабарномада ҳисобга олиш приборининг яроқсиз ҳолга келиш сабаблари, шунингдек ҳисобга олиш приборини таъмирлаш мумкинлиги ёки уни таъмирлаш имкони мавжуд эмаслиги кўрсатилади.

 

29. Давлат метрология хизмати органи ходими томонидан берилган хабарномага асосан ҳисобга олиш приборини таъмирлаш мумкин бўлса, ваколатли ходим истеъмолчини бу ҳақда хабардор қилади ва уни шартнома асосида таъмирлаш ташкилотига топширади.

 

30. Ҳисобга олиш прибори таъмирлангандан сўнг, у таъмирлаганлиги ҳақида икки нусхада далолатнома тузилади ва унинг бир нусхаси ваколатли ходимга берилади, иккинчи нусхаси эса, таъмирлаш ташкилотида қолдирилади.

 

31. Ҳисобга олиш прибори таъмирлангандан сўнг, у ваколатли ходим томонидан қиёслашдан ўтказиш учун давлат метрология хизмати органига топширилиши шарт.

 

32. Ҳисобга олиш приборини қайта қиёслашдан ўтказиш натижаси ижобий бўлган тақдирда, давлат метрология хизмати органи ходими шу куннинг ўзида ҳисобга олиш приборининг қиёслашдан ўтказилганлиги ҳақида сертификат расмийлаштириб, ҳисобга олиш приборининг кожухлари маҳкамланган жойини пломбалайди.

 

33. Ҳисобга олиш прибори қайта қиёслашдан ўтказилганда ҳам фойдаланишга яроқсиз деб топилган ҳолларда, электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчига белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ўлчов воситаларининг давлат реестрига киритилган ва Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими билан бирга ишлай оладиган бошқа ҳисобга олиш прибори ўрнатиб берилади.

 

34. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида назарда тутилган электр энергиясини ҳисобга олиш приборини бузиш ҳолатлари истеъмолчининг айби билан содир этилганда, ҳисобга олиш приборини алмаштириш, қиёслашдан ўтказиш, таъмирлаш, ўрнатиш харажатлари ва кўрсатилган хизматлар ҳақи истеъмолчи томонидан тўланади.

 

35. Ҳисобга олиш приборини эксперт қиёслашдан ўтказишда манфаатдор шахслар ёки уларнинг вакиллари бевосита иштирок этишлари мумкин.

 

6-боб. Қиёслашдан ўтказилган ҳисобга олиш приборини жойига ўрнатиш

 

36. Ваколатли ходим қиёслашдан ўтказилган ҳисобга олиш приборини ўрнатиб, унинг клеммник қопқоғини (схемасини) пломбалайди ва истеъмолчига ҳисобга олиш приборининг қиёслашдан ўтганлиги ҳақидаги сертификатнинг асл нусхасини беради.

 

37. Ҳисобга олиш прибори ўрнатилгандан сўнг, бу ҳақда икки нусхада далолатнома тузилади. Далолатномада ҳисобга олиш приборининг тури, завод рақами, ишлаб чиқарувчининг товар белгиси ва унинг ўрнатилган вақтдаги кўрсаткичлари ҳамда бошқа зарур маълумотлар қайд этилади.

Далолатнома ваколатли ходим ҳамда истеъмолчи томонидан имзоланади. Далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига берилади, иккинчи нусхаси эса, электр таъминоти корхонасида сақланади.

 

7-боб. Якуний қоидалар

 

38. Қиёслашдан ўтказиш ишларини бажаришда юзага келган келишмовчиликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

 

39. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

 

40. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти билан келишилган.

 

 

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси

Д. ХИДОЯТОВ

2015 йил 29 октябрь

 

«Ўзбекэнерго» АЖ Бошқаруви раиси

И. БАСИДОВ

2015 йил 14 октябрь

 

 

 





<<  Асосий саҳифа